10 ойда суюлтирилган газ истеъмолчилари 11 мингтага кўпайди

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ташаббуси билан вилоятда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳамда автоматлаштирилган тизим (АСКУГ)нинг жорий этилиши самараларини ўрганиш мақсадида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, 2016 йилда табиий газ истеъмолчилари сони вилоятда 255 минг 766 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 315 минг 371 тага етган. Ўз навбатида истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ фонди ҳам сезиларли ошган. 2016 йилнинг ўн ойида истеъмолчиларига етказиб берилган табиий газ ҳажми 775 миллион 659 минг метр кубни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида истеъмолчиларга жами 1 миллиард 260 миллион 12 минг метр куб табиий газ етказиб берилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Оқдарё газ тақсимлаш станциясидан Самарқанд шаҳрининг Сиёб ҳудудига тортилган 11,5 километр газ тармоғини кўздан кечиришди.

– Янги тармоқ тортилиши натижасида Сиёб ҳудудидаги 20 дан ортиқ маҳалладаги 15 мингдан ортиқ аҳоли хонадони ҳамда ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларида газ босими яхшиланди, – дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қурилиш-таъмирлаш бўлими бошлиғи Аъзам Бобоалиев. – Ушбу тармоқ Вазирлар Маҳкамасининг 415-қарорига асосан Самарқанд шаҳрининг Сиёб ҳудудидаги аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларида табиий газ босимини яхшилашга қаратилган эди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун “Hududgaz” акциядорлик жамиятининг 14 миллиард сўмга яқин маблағи сарфланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Гагарин кўчалари кесишмасидан Фирдавсий кўчасига Д-325 миллиметрли, узунлиги қарийб 0,5 километр табиий газ қувури тортилди. Ушбу иншоот фойдаланишга топширилиши натижасида, бир неча йиллардан буён куз-қиш мавсумида газ босими пастлигидан азият чекиб келган Самарқанд шаҳридаги “Мирзо Улуғбек”, “Лолазор”, “Аҳмад Яссавий”, “Мафтункор”, “Дукчиён”, “Темирқишлоқ” маҳаллаларидаги 7 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланди. Мазкур лойиҳа учун “Hududgazta’minot” АЖ томонидан 300 миллион сўмга яқин маблағ ажратилди.

Бундан ташқари, айни пайтда Самарқанд шаҳрининг марказий қисмида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 10,5 километр, Самарқанд туризм марказига 10 километр, шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида 6 километр тармоқ қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг тегишли қарори билан “Ургут” эркин иқтисодий зонасини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Тойлоқ газ тақсимлаш станциясидан Д-325 ммли 29,5 километр янги газ тармоғи тортилиб, ишга туширилди. Натижада ҳудуддаги 70 дан ортиқ тадбиркорлик субъектида табиий газ таъминоти яхшиланди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун “Hududgazta’minot” АЖ томонидан 25 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Шунингдек, Ургут тумани марказидаги кўп қаватли уйлар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ таъминотини тиклаш мақсадида Ургут туманидаги газ тақсимлаш коллекторидан Д-219 мм.ли узунлиги 1,5 км юқори босимли газ қувурлари тортилиб фойдаланишга топширилди.
- Комардон маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшаймиз, - дейди А.Қодирий кўчаси 1-уйда истиқомат қилувчи Рофе Латипов. - Уйимизга 12 йилдан буён табиий газ келмаган эди. Айрим хонадонларда «зангори олов» ёнди. Айни пайтда биз ҳам табиий газни хонадонимизга ўтказиш учун тадоригини кўряпмиз.
Бу яхши, бироқ битта савол туғилади: биз бўлган барча уйларда газ қўлбола печларда ёнаётганини гувоҳи бўлдик. Бу ҳолат инсонлар ҳаёти учун хавфли эмасми? Табиий газни эндигина кўриб турган, уни қандай кучга эга эканлигини билмаган ёш болаларнинг шу хонадонларда ёлғиз қолиши-чи? Айтишларича, уйларига газ ёна бошланганига бир неча кун бўлган бўлса-да, ҳалигача туман газ таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан кўздан кечирилмаган экан...

Пресс-тур иштирокчилари “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарнинг табиий газ таъминоти билан ҳам танишди.

Пресс-тур иштирокчилари "Ургут" эркин иқтисодий зонасидаги Сариқтепа массивидаги “YEC Gilam” масъулияти чекланган жамиятидаги табиий газ таъминоти билан танишиб, бевосита ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишди.

Пресс-тур давомида журналистлар ва блогерлар "Hududgaz Samarqand" газ таъминоти филиали Ургут газ тўлдириш шохобчасида бўлиб, аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Берилган маълумотларга кўра, вилоятда жами 498 минг 397 та суюлтирилган газ истеъмолчилари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 498 мингтаси аҳоли хонадонларидаги истеъмолчилар, 383 таси ижтимоий соҳа объектлар ҳисобланади.

Шу кунгача вилоятда 565 746 дона маиший газ баллонлари орқали “айланма” тара усулида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Уларнинг 522 827 донаси филиал балансида бўлса, 26 372 донаси истеъмолчиларнинг шахсий мулки ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган 10 ойида Самарқандда суюлтирилган газ истеъмолчилари сони қарийб 11 мингтага ортиб, 2021 йилда янги суюлтирилган газ истеъмолчиларига 10 981 та маиший газ баллонлари тарқатилган. Жорий йилнинг 1 ноябригача истеъмолчиларга 65 532 тонна суюлтирилган газ маҳсулотлари етказиб берилди.

Жорий йилдан “Hududgazta’minot” AЖ томонидан республика бўйлаб суюлтирилган газнинг ҳисоб-китобини юритишда тўлиқ автоматлаштирилган тизим жорий этилган бўлиб, бугунгача вилоятда истеъмол учун маиший газ баллонларининг 565 минг 746 тасига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилган. 479 минг 339 та истеъмолчига ID-карталар тарқатилган.

- Вилоятимизнинг бир ойлик суюлтирилган газ фонди 7000 тоннани ташкил этади, - дейди "Hududgaz Samarqand" газ таъминоти филиали аҳолига суюлтирилган газни сотиш ва ҳисобини олиб бориш хизмати етакчи муҳандиси Акбар Жаванов. – Бевосита Ургут газ тўлдириш шохобчасининг бир ойлик газ тўлдириб бериш қуввати 700 тоннани ташкил қилади.

Суюлтирилган газ таъминотининг ҳам табиий газ каби тўлиқ автоматлаштирилишидан мақсад таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида нақд пул муомаласига барҳам бериш, турли коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолига ўз вақтида суюлтирилган газни етказиб бериш ҳамда маиший газ баллоннинг қайси истеъмолчига бириктирилганлигини онлайн назорат қилишдан иборат.

Энг муҳими, ҳар бир маиший газ баллонга бир хилда суюлтирилган газ тўлдирилади ва истеъмолчиларнинг ID-карталаридан 22 минг 400 сўмдан ортиқ маблағ ечиб олишнинг имкони йўқ. Айни пайтда вилоятда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш даврийлиги 40-45 кунни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, журналистлар Республика ихтисослаштирлган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида ҳам бўлиб янги ўрнатилган замонавий иситиш тизимлари, энергия тежовчи қозонхоналар, табиий газ билан таъминланиши билан яқиндан танишдилар.

Дилмурод Тўхтаев.
***
Алишер Исроилов олган суратлар.