Тадбир баҳона аҳолини бир неча ўн йиллардан бери қийнаётган муаммоларга барҳам бериляпти

Бу гапни вилоят Матбуот уйида ўтказилган анжуманда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Комилжон Юсупов айтди. 

Сабаби, жамият томонидан ташкил этилган навбатдаги матбуот анжумани Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик жараёнида ичимлик ва оқова сув таъминотида олиб борилаётган ишларга бағишланди.

- Шу кунларда тадбир олдидан шаҳарнинг 11 та кўчасидаги 28 километрлик сув тармоқларини янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда, - дейди К.Юсупов. – Нуфузли тадбир олдидан амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари натижасида муддатини ўтаб бўлган қувурлар янгиланяпти. Режалаштирилган қурилиш-монтаж ишларининг 86 фоизи бажарилди. Ишлар якунига етгач, шаҳарда янгидан ташкил қилинадиган “Туристик марказ”, Сартепа, Суғдиёна, Микрарайон А ва Б ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар, ҳовлилар ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш имкони яратилади. 

Бундан ташқари, Жаҳон банки иштирокида 2016-2021 йилларда “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари оқова сув тозалаш иншоотлари ва оқова тизимлари реконструкцияси” лойиҳаси дастури бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Тўлқин Сиддиқов.