Тадбиркор бошқаларнинг йўлига "ғов" бўлмаслиги керак ёки "Samsung"даги сирлар фош бўлди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шу сарлавҳа билан пост жойлаштирди. Унда қуйидагича ёзилади:

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз азми қатъий, тадбиркор, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир, деганлар. Муҳтарам Президентимиз тадбиркорлик қилиб, иккита иш ўрни яратган кишини бошимга кўтаришга тайёрман, деб кўп таъкидлайдилар. Шу сабабли кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатиши учун давлат томонидан барча имконият ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Бундан унумли фойдаланиб, ҳам ўзи, ҳам бошқалар манфаати учун жон куйдириб фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар кўпаймоқда. Бундан қувониш керак албатта.

Аммо, “тадбиркорман” деганларнинг ҳаммаси ҳам шундай фикрламас экан-да.

Кеча, 21 май куни эрта тонгда Самарқанд шаҳрини пиёда кезиб, “Самсунг” савдо маркази олдида катта миқдордаги қум-шағалнинг пиёдалар учун мўлжалланган йўлакчага тўкиб қўйилгани ва бу аҳолининг ушбу ҳудуддан ўтишида ноқулайликлар туғдираётганига гувоҳ бўлдим. Бино олдида анчагина бўш майдон бўлсада, ушбу қурилиш материалининг пиёдалар ўтадиган жойга тўкилиши на одамийлик, на қурилиш меъёрларига тўғри келади.

Мирзо Улуғбек кўчаси 105-уйда жойлашган ушбу савдо марказида жами 51 та шохобча, жумладан 25 та савдо, 1 та умумий овқатланиш фаолияти, 1 та авиачипта сотиш ва 24 та хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорлар фаолият олиб бораётган экан. Аммо, мутахассислар томонидан ўрганилганда марказдан даромад топаётганларнинг ҳаммаси ҳам қонуний фаолият кўрсатмаётгани маълум бўлди.

“Тадбиркорлар” ушбу марказда 10 ҳолатда ижара шартнома тузмасдан, 12 ҳолатда назорат-касса машинаси ўрнатмасдан, 13 ҳолатда ёлланма ходимларни рўйхатдан ўтказмасдан, 2 ҳолатда банкда ҳисоб рақами очмасдан, 12 ҳолатда тўлов терминали ўрнатмасдан ва 1 ҳолатда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек кўчаси 103 ва 105-уйлар оралиғида Жарариқ кўчаси 54-уйда яшовчи фуқаро Хурсанд Мусинова томонидан ноқонуний пуллик автомобилларни вақтинчалик сақлаш майдончаси ҳам ташкил этилганлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли баённома расмийлаштирилди.

Бугун давлатимиз томонидан тадбиркорларга шунча имконият, имтиёз берилган бир пайтда уларни бу ишончни суиистеъмол қилмасликка, эътиборга муносиб жавоб бериб, тўғри, қонуний фаолият кўрсатишга, ҳалол даромад топишга чақираман.