Тадбиркор муаммоси Президент билан мулоқотгача ҳал этилди
Яқин кунларда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқоти ўтказилиши режалаштирилган.
Айни пайтда мазкур учрашув олдидан виртуал қабулхона, ишонч телефонлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда республика ва жойларда ташкил этилган штаблар орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари қабул қилинмоқда.
Тойлоқ туманидаги “SHAYMANOV SHEXROZ BOG‘I NUR” фермер хўжалиги бошлиғи Тоҳир Холматов ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти билан очиқ мулоқотда иштирок этиш учун тадбиркор ва инвесторларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш бўйича республика штабига чиқиб, фермер хўжалиги ер майдонлари ҳамда чегарасига аниқлик киритиш юзасидан масаласи борлигини маълум қилган.
Ушбу мурожаат Кадастр агентлигининг туман бўлимига йўналтирилгач, бўлим мутахассислари томонидан ўрганилиб, муаммо шу ернинг ўзида ҳал этилди. Фермер хўжалигининг туман ҳокими қарорида кўрсатилган дала контурлари ушбу ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги харитаси асосида белгиланиб, чегара нуқталарига аниқлик киритиб берилди.
Нарпай тумани Қорасийроқ қишлоғида яшовчи Мухтор Эргашев ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига мурожаат қилиб, тадбиркорлик қилиш мақсадида “E-auksion” орқали сотиб олган бўш ер участкасини ўлчаб бериш бўйича ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат ҳам давлат кадастрлари палатасининг Нарпай тумани филиали мутахассислари томонидан жойида ўрганилиб, ер майдони ўлчаб берилди.
Умуман, Президент билан очиқ мулоқотда иштирок этиш учун республика штабига Самарқанд вилоятидан тушган мурожаатларнинг 101 таси Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошқарма ваколатига тааллуқли бўлиб, шу пайтгача 94 та мурожаат жойида ўрганилди ва 60 таси ижобий хал этилди.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён агентлик вилоят бошқармаси ва унинг туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан 1576 та мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатларнинг 789 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳамда веб сайти орқали тушган бўлса, Бош вазир қабулхонасидан 190 та, Бош прокуратуранинг ишонч телефони орқали 25 та, вилоят ҳокимининг телеграмм мессенжери орқали 286 та масала қайд этилган. Бундан ташқари, агентлик орқали ва жойларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 260 га яқин мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 556 таси ижобий ҳал этилиб, 1020 таси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга қонуний тушунтиришлар берилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 23 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ҳамда виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган, ҳуқуқий ва умумий тушунча берилган ҳамда рад этилган 509 та мурожаатнинг барчаси қайта ўрганиб чиқилиб, 399 та мурожаат ижобий ҳал этилди.