Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талаба қиз SOS болалар маҳалласида инглиз тили клубини очди

Шаҳло Ҳамроқулова “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг логистика йўналиши 3-курс талабаси. У университетда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга янги ғоялар асосида саховатли ишларга қўл урмоқда. Масалан, яқинда Шаҳлонинг ташаббуси билан университет ва SOS болалар маҳалласи ўзаро меморандум имзолади. Унга кўра, Шаҳло SOS болалар маҳалласида “Kids English” клубини очиб, болаларга инглиз тилини ўргатмоқда.

- Инглиз тилидан дарс беришни 1-курслигимдан бошлаганман, - деди Ш.Ҳамроқулова. – Дастлаб Самарқанд шаҳридаги “Go Great Goals” ва “Bright Spark” ўқув марказларида дарс бердим. Шу йил ёзги таътилда болаларнинг бўш вақтларини самарали ўтказишлари учун SOS болалар маҳалласи тарбияланувчиларига инглиз тилини ўргатишга аҳд қилдим. Бу ерда турли ёшдаги кам таъминланган оила фарзандлари яшайди. Уларга ҳафтада 3 марта бепул инглиз тилини ўргатаяпман. Маҳаллада кутубхона йўқ экан. Мен болажонларга 100 та ҳар хил бадиий китоблар совға қилдим ва китобхонлик кўрик-танлови ташкил этдим. Совға қилинган китобларни болалар ўзаро алмашиб ўқийди. Китобхонлик танловида уни яхши ўқиб, ўзлаштирган болаларга совғалар беряпман.

Шаҳло вақтдан унумли фойдаланади. У бугунги кунда кўзга кўринган “S.W.A.T” жамоасининг ҳам аъзоси. Бу жамоа билан биргаликда роботатехника ва дастурлашга оид лойиҳаларни яратиб, ҳаётимизга татбиқ этмоқда. Ушбу жамоанинг стартап лойиҳаси вилоят ҳокимлиги инновация бўлими томонида маъқулланиб, робототехника учун Самарқанд шаҳридаги 71-мактабдан жой ажратилди. У ушбу мактаб болалари учун ҳам инглиз тили тўгарагини очишни режалаштирмоқда.

Ёшларга кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда мана шундай ташаббускор ўғил-қизларнинг янада кўпайишини истардик.

Сурайё ХОЛМАТОВА, ўқитувчи.