Талабалар таътилга, дам олишга жўнатилган эмас!
Яқинда мен СамДУ кимё факультети тарихида биринчи бўлиб (ярми ҳазил, ярми чин) 4-босқич талабаларидан “Спектроскопия ва структуравий анализ” (олдинги “физикавий тадқиқот усуллари”) фанидан телефонда якуний назорат (имтиҳон) олдим. Имтиҳон икки кун, эрталаб соат 9:00 дан кечаси 10:00 гача давом этди. Талабалар Moodle масофавий таълим тизими орқали СамДУнинг электрон кутубхонасига қўйилган шу фаннинг материалларини ўқиган. Жами 76 талабадан 2 нафари телефон қилиб уларнинг яшаш манзилида интернет ва телефон алоқаси ёмон ишлаганлиги учун материалларни ололмаганлигини айтди, 3 нафар талаба телефон ҳам қилмади.
Мустақил ўқишнинг натижаси қандай? Умуман айтганда, ҳозирча қониқарли эмас. Албатта, талабаларнинг орасида жуда яхши ўқиганлари ҳам бор. Лекин уларнинг сони оз. Пандемия сабабли масофавий ўқишнинг яхши-ёмон томонлари ва камчиликларини ишга қайтганимиздан кейин муҳокама қилиб, хулоса чиқарамиз. Чунки бу ҳам кутилмаганда, нафақат Ўзбекистон, балки дунё тарихида биринчи марта бўлди. Мен ҳозир имтиҳон вақтидаги суҳбатларга асосланиб масаланинг қолган 1,5-2 ой учун долзарб томонини айтмоқчиман.
Талабанинг жавоби қисқа ва ноаниқ бўлгандан кейин мен ундан бунинг сабабини ҳам сўрадим. Талабаларнинг бир қисми бунга сабаб қилиб уйда қишлоқ хўжалик ишларига ёрдам берганини ва шунинг учун ўқишга вақти етмагани айтди. Ҳақиқатан ҳам уларга эрта баҳорда қишлоқ хўжалик ишлари бошланиш арафасида жавоб берилди (16 мартда). Табиийки улар бу ишларда ота-онасига фаол ёрдам берган.
Шу муносабат билан мен ота-оналарга ва талабаларга мурожаат қилмоқчиман:
Азиз ота-оналар! Талабалар уйларига таътилга, дам олишга жўнатилгани йўқ. Сабабини яхши биласиз. Олий таълим вазирлиги олий ўқув юртлари билан биргаликда имкон даражасида масофавий таълим тизимини йўлга қўйди. Қўл телефонлари ва шахсий компьютерлар орқали ундан фойдаланиш мумкин. Ҳозир талаба ўзи ўқийдиган олий ўқув юртининг ихтиёрида, ўқиш давом этаяпти, тугагани йўқ. Турли хил синовлар, имтиҳонлар энди бошланади. Шунинг учун, Сизлардан илтимос, фарзандларингизга уйда ўқиши учун вақт ва шароит яратиб беринг. Ўқиш шаҳарда, бинонинг ичида бўлади, деб ўйласангиз хато қиласиз.
Дунёнинг илғор мамлакатларида бундай ўқиш тури йўлга қўйилганига анча бўлди. Таълим тизими ва интернет ривожланган мамлакатларда асосан мустақил ўқиш орқали чуқур билим олишади. Бизда ҳам 2 йил олдин мустақил таълим тизимига ўтиш бошланди. Шунинг учун 1 ва 2-босқич талабалари ҳафтада 5 кун ўқийди, синфда ўқитиш соатлари камайтирилаяпти. Мустақил таълимга янаям кўпроқ вақт ажратиш мақсадида кераксиз фанлар қисқартириляпти. Демак, билим олишда мустақил таълимнинг аҳамияти жуда катта.
Фарзандларингизнинг саводли бўлишида Сизнинг ўрнингиз ҳам беқиёс. Карантин вақтида эса ўқиш учун уйда нормал шароит яратиб бериш ва ундан унумли фойдаланишда кўмаклашиш, керак бўлса, назорат қилиш ҳозир тўласинча Сизларнинг зиммангизда. Билим олиш муҳим бўлганлиги учун ҳозирги раҳбарият ўқувчиларни ва талабаларни, ҳатто, пахта теримидан бутунлай озод қилди. Сиз ҳам фарзандларингизни қишлоқ хўжалик ишларидан ҳеч бўлмаса, ҳафтасига 4-5 кунга озод қилинг. Юқорида айтганимдай, талаба ҳозир олий ўқув юртининг ихтиёрида, ўқиш давом этаяпти.
Абдулла ҚУВВАТОВ,
СамДУ доценти.