«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ талабаларга мурожаат қилди: «Ҳеч ким жойсиз қолмайди, зарурий чора сифатида қўшимча поездлар йўлга қўйилади»
Хабарингиз бор, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан кеча, 6 январь куни олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар талаба-ўқувчиларининг қишки таътил муддати икки ҳафтага узайтирилди.
Шу муносабат билан талаба ва ўқувчиларнинг ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ва поезд чипталарига 50 фоизлик чегирма муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилгани ва 7 январдан бошлаб чипталарни алмаштириш жорий этилиши тўғрисида маълум қилинди.
Бугун эса кўплаб ҳудудий темир йўл кассаларида харид қилинган чипталарни алмаштирмоқчи бўлган талаба-ўқувчиларнинг гавжум ҳолати кузатилмоқда.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ раҳбарияти республикамиздаги барча темир йўл кассалари кечаю кундуз ишлашини ва чипталар ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз алмаштирилишини маълум қилди.
Шунингдек, ҳеч ким жойсиз қолмаслиги, чунки барча поездларда чипталарни қайта расмийлаштириш учун керакли миқдордаги ўриндиқлар мавжудлиги, зарурий чора сифатида қўшимча поездлар йўлга қўйилишини билдирган.