Таълим олиш ҳар бир кишининг конституциявий ҳуқуқи
Янги Конституциямизда қатор инсон ҳуқуқлари қайд этилган. Уларнинг энг муҳимларидан бири таълим олиш ҳуқуқидир.
Хусусан, Конституциянинг 50-51-моддалари таълимга бағишланган. Бу ҳуқуқий нормаларда мазмуни фуқароларнинг таълим олиш, бепул умумий таълим олиш ва мактаб ишларини давлат томонидан ҳимоя қилинишини ҳуқуқини назарда тутади. Шунингдек, бу моддаларда Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва олий таълим қамраб олинган. 52-моддада эса ўқитувчининг давлат ва жамият олдидаги даражаси белгилаб берилган ва ўқитувчиларнинг ҳар қандай ноқонуний аралашувдан ҳимояланиши кафолатланган ҳуқуқларини қамраб олган.
Ҳозирги жадал техник ва технологик тараққиёт, фанлар, назариялар, дунёқарашларнинг жадал ривожланиши шароитида таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнлари узлуксизликни, тизимли ёндашувни тақозо этади.
Маълумки, мамлакатимизнинг барча фуқаролари давлат таълим муассасаларида танлов асосида давлат маблағлари ҳисобидан таълим олиш ҳуқуқига эга. Яъни, мамлакатимизда барча фуқаролар миллати, ёши, дини ва бошқа хусусиятларидан қатъи назар, таълим олишда тенг ҳуқуқларга эга.
Аҳолисининг катта қисми ёшлар бўлган мамлакатимизда олий маълумот олиш хоҳиши бўлганлар кўпчиликни ташкил этиши қувонарли ҳол, албатта. Олий таълим даргоҳларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Илгари барча олий таълим даргоҳлари давлат ҳисобида ва уларнинг сони ҳам, қабул квоталари ҳам чекланган эди. Абитуриентларнинг 10 фоизи ҳам талаба бўла олмасди. Бу эса имтиҳонларнинг ўта мураккаблашиб кетишига, турли коррупцион ҳолатларга сабаб бўларди. Энг ачинарлиси, олий таълим олишни ҳоҳлаган жуда катта ёшлар қатлами бир четда қолиб кетарди.
Шу билан бирга, 50-модданинг иккинчи бандида “Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди”, дейилган. Мана шу норма таълимни ривожлантиришга катта имконият берди. Бугунги кунда давлат олий таълим даргоҳлари ҳам молиявий мустақилликка эришиб, имкониятларидан келиб чиқиб таълим квоталарини оширмоқда. Шу билан хусусий, нодавлат олий таълим муассасалари кўплаб очилмоқда.
Олий таълим даргоҳлари ўз ички ўқув ишларини мустақил бошқариш қобилияти, талабаларни қабул қилиш, ўқув дастурларининг мазмуни, ўқитиш усул ва услубларини мустақил равишда шакллантириш ва ташкиллаштириш, таълим сифати назоратини амалга ошириш каби турли масалаларни ўзлари мустақил ҳал қилмоқдалар.
Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, бу ҳолат илм-фан ривожига, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга, мамлакат илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шундай жараёнда давлат кучли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида соҳаларда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжга қараб квоталар беради ва грантлар ажратади. Бироқ, бу грантлар сони чекланган. Бундай имкониятга имтиҳонларда юқори балл тўплаганлар эришади.Давлат гранти асосида ўқиган талабалар бир неча йил давомида ўзи танлаган соҳада ишлайди, шу орқали давлатнинг сарф-харажатини оқлайди ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшади.
Нуфузли хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кирганлар ҳам давлат ёрдами билан ўқишлари мумкин. Нуфузли хорижий олий ўқув юртларига ўқишга юбориладиган ёшлар сони йилдан йилга ошириб борилмоқда. Шу усул билан давлат ўзи танлаган касби ва мутахассислиги бўйича имкон қадар кўпроқ билим олишга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватламоқда. Улар келажакда жамиятга керакли кадрлар бўлиб келиши ва давлатнинг ишончи ва маблағларини оқлаши лозим.
Янги Конституциямиздаги таълимга оид нормалар фан ва таълимни тизимли ривожлантириш кафолатларини назарда тутади. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун муҳим омилдир.
Муҳаббат Ҳайитова,
Ўзбекистон- Финландия педагогика институти ўқитувчиси.