Таълим тизими ривожланиши учун ўзимиз ўзгаришимиз керак
Кейинги йилларда мамлакатда асосий эътибор мактаб ва олий таълимга қаратилган. Бунинг учун давлат томонидан жуда катта маблағ ажратилмоқда. Соҳа учун имтиёз ва имкониятлар кенгайтирилмоқда. Мактабгача таълимдан олий таълимгача қамров оширилди. Янги муассасалар очилди ва бу борадаги ишлар давом этяпти.
Аммо ҳар йили ёзда тест синовларида ва яхши ўқийдиганларни ажратмасдан ўтказилган халқаро рейтингларда ишларнинг натижаси яққол кўринади. Тўрт-беш ўқувчининг четдаги ва мамлакат ичидаги кучли олий ўқув юртларига кириши таълимдаги реал аҳволдан дарак бермайди. Чунки 38 миллионли халқ орасида ҳамма вақт иқтидорлилар ва уларнинг орқасида турган кам сонли ота-оналар, ўқитувчилар ҳам бўлади.
Бу соҳада қаерда хатога йўл қўяяпмиз, вазиятни яхшилаш учун нима қилиш керак? Катта эътибор қаратилган соҳанинг камчиликларини ўрганишга, таҳлил қилишга, хулоса чиқаришга, тузатиш учун тегишли қарорлар қабул қилиб, уларни амалга оширишга эътибор бериляптими? Менимча, айнан масаланинг шу томонига етарли эътибор йўқ. Шу сабабли бу борада айрим таклифларни билдиришни жоиз топдим.
Таълимни ўрганиш институти очилса...
Мактаб ва олий таълимда ўз фикрига эга бўлган, тўғридан-тўғри ўқувчи ва талабалар билан ишлаётган, табиий фанлар бўйича илғор педагоглардан ташкил топган таълимни ўрганиш институти очиш лозим. Балки Т.Қориниёзов номидаги педагогика илмий тадқиқот институтини ҳам шу институтга қўшиб юбориш мумкин бўлар. Институтнинг вазифаси материал тайёрлаб СКОПУСга мақола ёзиш эмас, балки таълимнинг ҳақиқий аҳволини доимий равишда ўрганиб боришдан, унинг натижалари асосида асосий камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли органларга тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Институтнинг ҳамма ходими Тошкентда ишлаши шарт эмас. Ўрта ва олий таълим даргоҳлари республикамизнинг ҳамма вилоятларида бор.
Институтнинг асосий функцияси назорат қилиш эмас, балки тизимни узлуксиз ўрганиб боришдан иборат бўлиши керак. Бунинг учун у тамоман мустақил бўлиши, олий таълим, фан ва инновациялар ёки мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг таркибида бўлмаслиги зарур. Вазирликлар таркибида таълим сифатини назорат қилувчи инспекциялар бор.
Бугунги кунда айрим катта шаҳарларда рус мактабларининг сони кўп, яъни рус тилида гаплашадиган аҳолининг сонига мос эмас. Нима учун аҳоли ўз фарзандини рус тилидаги мактабда ўқитишни хоҳлайди? Ўзбек бўла туриб фарзандини рус мактабларида ўқитаётган ота-оналарнинг фикри қандай? Ўзбек тилидаги мактабларда математика, физика, кимё фанларини ўқитаётган ўқитувчиларнинг қанча фоизини аёллар ташкил қилади? Ўз фани бўйича уларнинг саводи қандай, дарсга нормал тайёргарлик кўриш учун имконияти борми? Ўзбек аёлларининг аксарияти 4-5 соат мактабда ишлаб келиб, уй-рўзғор ишлари билан банд бўлади. Ундан кейин дарсга тайёргарлик кўриш учун неча соат вақт қолади ва бу вақт етарлими?
Шу каби саволларга жавоби бугун жуда долзарб ҳисобланади.
Ҳамма мактабда ўқиши шарт эмас
Мамлакатда туғилиш жуда катта, ҳар йили қўшимча топган пулнинг катта қисми боғча ва мактаб қуришга, янги тарбиячи ва ўқитувчига иш ҳақи тўлашга кетади. Бу бой мамлакатларга ҳам қийин. Биринчидан, бирор мамлакат раҳбарияти ҳаммани рози қилолмаган, иккинчидан, кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Шунинг учун, 9-синфларни тугатган ўқувчиларнинг тақрибан 30 фоизини 11 йиллик мактабда қолдириб, қолганларини техникум ва касб-ҳунар ўқув юртларига ўтказиш керак. Тўққизинчи синфгача асосий фанлардан (она тили, математика, физика, кимё ва инглиз тили) 8-9-синф дастури талабига жавоб бермаган ўқувчи кейинги икки йилда уни ўзлаштирмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бу 11-синфни тугатмаса олий маълумот ололмайди, дегани эмас. Эсини йиғиб техникумни ва тегишли касб-ҳунар билим юртларини яхши тугатганлари фақат ўз йўналиши бўйича институтларга кириши мумкин.
Келажакда эса ишни 4-синфни битирганларни билими ва интеллектуал қобилиятига қараб алоҳида синфларга ажратиш ва шунга қараб мураккаблик даражаси ҳар хил бўлган фанларни ўргатишдан бошлаш лозим.
Касб-ҳунар билим юртларидаги ўқиш муддатини 2 йилга етказиш учун касбга алоқаси бўлмаган ҳар хил фанларни тиқиштиришнинг кераги йўқ. Баъзи касбларни ўрганиш учун 4-6 ой, баъзилари учун 1-1,5, баъзилари учун 2 йил, балки кўпроқ вақт талаб қилинар. Бир сўз билан айтганда, қанча керак бўлса, шунча ўқитиш керак. Касб-ҳунар билим юртларига узоқда яшайдиган ўқувчиларни ташиш учун автобус бериш ёки шу маршрут бўйича автобус бўлса, унда юришини бепул қилиш зарур.
Балки аҳоли зич яшайдиган 2-3 та катта мактабга эга қишлоқларда ҳам касб-ҳунар билим юртлари, туман марказлари, каттароқ шаҳарларда техникумлар очиш керак бўлар.
Мактабларда яхши ўқувчиларга мос яхши ўқитувчиларни қолдириб, уларнинг ойлик маошини кўпайтириш керак, шунда мактабга эркак ўқитувчилар қайтади. Кейин ҳар беш йилда ОТМдагидай ўқитувчининг жойини вакант деб танлов ўтказиш зарур. Агар танловда бир нечта даъвогарни ортда қолдириб эски ўқитувчининг ўзи қолса, унинг ойлигини кўтариш керак.
Касб-ҳунари борнинг сертификати бўлиши керак
Касб-ҳунар билим юртларини Самарқанд шаҳрида Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази сингари ташкил қилиш керак. Катта-катта завод-фабрика, ширкатларнинг ёнида ҳам шу завод, фабрикадаги касб-ҳунарга ўргатувчи билим юртлари очилса, айни муддао бўлади.
Билим юртлари сонини кўпайтирмасдан замонавий асбоб-ускуналар, маиший техника, саноат махсулотларининг намуналари, макетлар, стендлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш, ўргатувчиларининг (усталар, техник мутахассислар, инженерлар ва ҳоказо) билими ва малакаси юқори бўлишига эришиш зарур.
Ҳар бир касб эгаси қайси ташкилотда ишлашидан қатъий назар маълум касбни (пайвандловчи, токар, электрик, ғишт терувчи, электрон асбобларни тузатувчи уста ва ҳоказо) эгаллаганидан кейин уни имтиҳон қилиб, шу соҳада ишлашига рухсат берувчи сертификат бериш керак.
Майли, касб-ҳунар билим юртидан ташқарида, масалан, отасидан, акасидан, қариндошидан, хусусий устозлардан ўргансин. Лекин, мустақил ишлаши учун албатта сертификат олсин. Сертификатлаш, ўқувчини касб-ҳунар билим юртига етаклайди. Сертификати бўлмаганларга паст ҳақ тўланадиган, кам малака талаб қиладиган “қора” ишлар қолади.
Агар биз мактабдан ташқарида қолганларни замонавий касб-ҳунарга ўргатсак, имтиҳон қилиб сертификат берсак, мамлакатда олдинга силжиш бўлади.
Биринчидан, яхши касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг, яъни малакали ишчи кучининг сони ортади.
Иккинчидан, хусусий ва давлат ташкилотлари сертификати бўлмаган, пайвандловчи, электрик, қурувчи, созловчи ва бошқа усталарни ишга олмайди.
Ўзимизда ҳам сифатли ишга ишонч пайдо бўлади. Хитой тараққиёт учун биринчи қадамларни шундай мутахассислар тайёрлаб, АҚШ ва Европанинг яхши махсулотлари нусхасини таёрлашдан бошлаган. Энди уларнинг билими, малакаси ошиб, рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар тайёрлаб, қиммат бозорларда сотишяпти.
Фарзанд келажагига, аввало, ота-она масъул
Ҳозир аксарият ота-оналар болалари кўп бўлишини истайди, лекин уларнинг келажага ҳақида кам ўйлайди. Болани тарбиялаш, билим бериш боғча ва мактабнинг, катта бўлгач, иш билан таъминлаш эса давлатнинг вазифаси деб қарайди.
Мамлакатда билимли мутахассисларга, юқори малакали усталарга ҳамма вақт иш топилади, лекин қани ўшалар? Ҳозир юртимиздаги кўплаб йирик мажмуалар қурилишида четдан келган мутахассислар ишлаётганини кўряпмиз. Ёки билими, қўлида ҳунари бўлса ва озроқ тил билса, мамлакатда иш бўлмаган тақдирда ҳам четдан яхши иш топиш эҳтимоли кўпаяди. Масалан, матбуот хабарларига кўра, Канада 5-7 йил ичида мамлакатга 1,5 миллион малакали мутахассис ва ишчиларни ишга ва келажакда доимий яшашга таклиф этади. Хорватия металл конструкциялари билан ишлаш бўйича сертификати ва камида 5 йиллик тажрибаси бўлган ўзбекистонликларни ишга таклиф қиляпти.
Эндиликда давлат демографик сиёсатга ҳам эътибор бериши керак. Ҳиндистон, Хитой ва бошқа баъзи давлатлар туғилишни чеклашга мажбур бўлган.
Матбуот хабарларига қараганда, раҳбарлар қабулида кўпроқ ишсиз, қўлида касб-ҳунари йўқ кишилар, серфарзанд оилалар ёрдам сўраб мурожаат қиларкан. Бундай оилаларга давлатнинг анча пули сарфланса керак.
Ота-онаси соғлом бўла туриб, қўлидан қурт ўлмаган камбағал оилаларга бериладиган ёрдам уларнинг фарзандларини ўқитиш, касб-ҳунар ўргатишга йўналтирилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Талабага талаб бир хил бўлиши керак
Олий таълим муассасаларига ўқишга кирган талабаларнинг жинсидан қатъий назар уларнинг билимига талаб бир хил бўлиши зарур. Ҳозир талаба қизлар орасида эрта турмушга чиқиш авжига чиққан. Масалан, СамДУ кимё факультетининг 4-курс талаба қизларининг 75-80 фоизи турмуш қурган. Кўпчилигининг фарзанди ҳам бор. Уларнинг дарсга қатнаши ва ўтилган маърузаларни ўзлаштириши, мустақил, амалий ишлар топшириқларини бажариши қийин кечади. Чунки уларнинг асосий вақти уй-рўзғор юмушларига сарфланади.
Агар турмушга чиққан талаба қизлар дарсларга қатнашмаса, топшириқларни бажармаса, фанлар бўйича билими талабга жавоб бермаса, уларни курсда қолдириш, талабалар сафидан чиқариш керак.
Ёки ҳомиладорликнинг қонунда белгиланган вақтидан бошлаб, боласини оёққа турғазгунга қадар мажбурий академик таътилга чиқариш зарур. Чунки, баъзи талабалар 1-2 ойлик чақалоғини қаровчига ташлаб, дарсга келади. Бу даврда она сутидан, меҳридан ажралиб қолган фарзанднинг соғлиги қандай бўлади? Ёки кўнгилчанлик, “меҳрибонлик” қилиб қониқарсиз билимига имтиҳон баҳолари қўйиб берилса (ҳозир айнан шундай бўляпти) эртага у қандай мутахассис (муаллим) бўлади? Демак, қандай бўлишидан қатьий назар билим даражасига бўлган талабни пасайтирмаслик керак. Бундай ҳолда талабанинг ёши етганда турмуш қуриш, хоҳлаган вақтда бола қилиш каби ҳақ-ҳуқуқлари бузилмайди.
Албатта, бу фикрларим кимларгадир ёқмас, кимларгадир оғир ботар. Лекин гап мамлакат, халқ тақдири, эртаси ҳақида борар экан, бунга ҳар биримиз масъул эканимизни унутмаслигимиз лозим. Ўзимиз олдинга, яхши томонга қараб ўзгармас эканмиз, ҳеч қачон бошлаган бирор ишимиз муваффақиятли чиқмайди ва охирига етмайди.
Абдулла ҚУВВАТОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети доценти.