Таниқли театр арбоби, режиссёр, журналист Абдуазиз Ҳошимов вафот этди

Каттақўрғон шаҳрининг асл фарзанди, истеъдод соҳиби, фидойи инсон Абдуазиз Ҳошимов 73 ёшида вафот этди.
А.Ҳошимов 1948 йил 16 апрелда Самарқанд шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, Тошкент театр ва рассомлик институтининг драма ва кино актёри мутахассислиги бўйича ўқиди.
Илк иш фаолиятини Каттақўрғон шаҳар театрида бошлади. Ушбу санъат даргоҳи Абдуазиз акани камолотга етказди, элга танитди. Театрда юздан ортиқ спектаклларда турли образлар яратди.
Бу орада маълум муддат Самарқанд, Сирдарё вилоят театрларида ҳам хизмат қилди, режиссёр сифатида Ургут ва Каттақўрғон халқ театрларида “Ғирром”, "Ўжарлар”, “Тўйлар муборак” каби спектаклларни саҳналаштирди. Ургут ва Шаҳрисабз халқ театрларида унинг пьесалари муваффақиятли қўйилди.
Абдуазиз ака умрининг эллик йилдан зиёдини ижод йўлига бағишлади ва шу вақт давомида ўткир публицистик мақолалар ёзиб, вилоятимиз ва республика адабий муҳитида эътибор қозонди. Эл орасида сўзи ўткир, фикри теран, жасоратли қалам соҳиби, деган ном олди. Бу фидойи инсон “Зарафшон” газетасининг ҳақиқий жонкуяр жамоатчи мухбири ҳам эди.
Абдуазиз ака “Театр - руҳимнинг қуввати, матбуот - қалбимнинг тили, санъат - ҳаётимнинг мазмуни”, деган гапни кўп такрорларди. Ҳаётининг сўнггигача шу ақидага амал қилиб яшади.
Давлатимиз ҳам А.Ҳошимовнинг меҳнатларини муносиб тақдирлади. “Шавкатли меҳнати учун”, “Таълим фидойиси” каби медаль соҳиби эди.
Эл ардоқлаган журналист, санъат устаси, камтарин инсон Абдуазиз Ҳошимовнинг порлоқ хотираси қалбимизда абадий сақланади.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими.
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари жамоаси.