Танқиддан сўнг: Бугундан тингловчиларга стипендия берилади

Кеча, 6 октябрь куни сайтимизда Самарқанд шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази тингловчилари - М.Қўшимова,  Г.Туйжонова, М.Мамаражабоваларнинг "Камбағални туяни устида ҳам ит қопади(ми?)" номли мурожаат  босилди.

Унда кўтарилган муаммо бўйича вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи И.Жабборов муносабат билдирди:

"Нарпай ва Пайариқ туманлари аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг маълумотига кўра, фуқароларга 3 ойлик қисқа муддатли ўқув курси учун Самарқанд шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказига ўқишга йўлланма берилган. Ўқиш жараёни жорий йилнинг 16 август кунидан бошланган, айни кунда иккинчи ойи ўқитилмоқда.

Ҳолат юзасидан тегишли тартибда тўлиқ ўрганилганда, мурожаатдаги ҳолат бўйича Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар бартараф этилди, белгиланган тартибда табель асосида ҳисоб-китоб қилинди ва бугун, 7 октябрь куни стипендия маблағлари Халқ банкининг филиалларига ўтказиб берилади.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида ўқитилаётган барча тингловчилар билан суҳбат ўтказилди. Унда стипендия “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида “ишсиз” деб эътироф этилган фуқароларга тайинланиши тўғрисида батафсил тушунтирилди.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишлари олиб борилади".