Тарихий ҳақиқатлар: А.Пушкиннинг аждоди хабаш бўлганми?
XIX аср ўрталаридан бошлаб машҳур рус шоирининг этник келиб чиқиши илмий, адабий доираларда мунозара ва баҳсларга сабаб бўлди. Унинг Африкадаги эфиоп қабиласи вакилларига ўхшашлик жиҳатлари бўлса-да, уни арабларга, яҳудий ва қораимларга тааллуқли эканлигини таъкидлашди. Бунга кўпчилик ишонса, айрим олимлар бунга шубҳа билдиришди. Жумладан, Пушкиннинг аждодлари Азов денгизи қирғоқларида яшаган элат - қораимлардан бўлган, деган фаразлар анчайин қизиқарли.
Хўш, қораимларнинг ўзи ким? Қораимлар - IX-X асрларда иудаизмнинг ўрта асрларга тааллуқли бўлган оқимларидан бири бўлиб, улар яҳудий-раввинчилар (талмудчилар) сингари Тора, яъни Беш китоб ёки Қадимги аҳдлашувга содиқ бўлишган. Аммо улар Талмуддаги яҳудий қонуншунослар томонидан келтирилган илоҳий қонуниятларни тан олишмаган. Уларнинг ўз диний қараши ва урф-одатлари бўлган. Қораим сўзи «ўқувчи», яъни «китоб ўқийдиганлар», деган маънони англатади. Улар Қримда XIII асрлардан кейин пайдо бўлган.
Қораим ижодкорлардан бўлган таниқли шоир ҳақида биринчи бўлиб 2001 йилда украиналик тарихчи, адабиётшунос олим А.Н.Зинухов (1950-2006) маълумот берган. Маълумки, Пушкиннинг онаси томонидан энг таниқли аждоди Абрам (Ибрагим) Петрович Ганнибал (1696-1781) эди. У африкалик қора танли князлардан бирининг ўғли бўлиб, 1703 йилда турклар томонидан ўғирланиб, Истамбулга олиб кетилади. Серблардан бўлган қул савдогари Савва Лукич Рагузинский-Владиславич (1669-1738) уни турклар қўлидан сотиб олиб, Москвага келтиради. Ёш, жингалаксоч хабаш рус императори Пётр I cаройида чўқинтирилиб, Ибрагим Петрович деб атала бошланди.
Украиналик адабиётшунос савдогар Савва борасида ўз фикрларини баён этар экан, “Савва” қадим яҳудий тилида Вар-Сава, яъни “адолатпарвар” дегани. Вар-Савани эса Библияда Иосиф деб номлашган. Ўз-ўзидан Савва - бу азовлик Иосиф деган маънони англатади. Азов шаҳри номи ҳам аслида яҳудийларнинг «Иосиф» исмидан олинган бўлиши мумкин”, дейди.
Пушкиннинг яҳудий қораимлардан эканлигига кўпчиликни ишонтиришга уринган тарихчи олим қораимларнинг аждодлари ўрта асрларда Азов денгизи соҳилларида, Хазар ҳоқонлигида яшаган ва асосан Россия жанубида савдо қилувчи С.Рагузинский қораимлик ўсмирни ўша ёқлардан олиб келган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади. Йиллар ўтиб, Россия шу тариқа ўзининг энг машҳур жингалаксоч шоирига эга бўлади.
«Совершенно секретно» газетасида чоп этилган мақолада А.Зинухов “А.С.Пушкиннинг аждодлари қораим бўлгани учун ҳам рус шоирлигига даъво қилолмайди, деган фикрга бораётганим йўқ. Танасида бир қанча миллат ва элатларнинг қони айланиб юрган бўлса-да, бундан кейин ҳам буюк рус ижодкори сифатида қолаверади” деб таъкидлайди.
Украиналик олимнинг фикрлари қай даражада ҳақиқатга яқин. Келинг энди унинг айрим тахминларини ўрганиб чиқайлик. Тарихдан маълум бўлишича, савдогар С.Рагузинский яҳудий Иосиф эмас, балки Рагузи (Дубровник) шаҳрида истиқомат қилувчи православ серблардан бўлган. Библияда қайд этилган Иосиф ёки Вар-Саванинг унга умуман алоқаси йўқ. Азов шаҳри номи ҳам қрим-татарча – “дарё оғзи” ёки туркча aзак – «паст жой») бўлиб яҳудийча номлар берилмаган.
Тарихдан маълум бўлишича, ўрта асрларда Азов бўйида кам сонли қораим жамоаси истиқомат қилган. Аммо айнан Ганнибал яшаган XVII асрларга келиб, бу қабила аъзоларидан ҳеч ким омон қолмаган. Шунингдек, улар мўғул-татарлар юриши бошлангунга қадар, яъни XII асргача Шимолий Қора денгиз соҳилларида яшаган бўлиб, Хазар ҳоқонлигига умуман алоқаси бўлмаган. Ўрганишлар Зинуховнинг Пушкиннинг келиб чиқиши қораимларга келиб тақалиши тўғрисидаги назариялари нотўғри эканлигини кўрсатиб турибди. Кейинчалик ҳам унинг бу фаразларини қўллаб-қувватлаганлар бўлди. Аммо улар ҳам тарихни ўзгартирувчи бирорта далил-исбот кўрсата олишмади.
Шундай бўлса-да, Пушкинни қораимлар билан боғлаб турувчи нимадир топилди. Одесса шаҳрида Новороссия генерал-губернаторининг хотини Елизавета Воронцова унга тилла узук совға қилган. Унда қадимги яҳудий тилида қораимча ҳарфлар билан бир нечта сўз ўйиб ёзилган. 1917 йилда мазкур узук Пушкин музейидан ўғирлаб кетилган бўлиб, ҳанузгача тақдири номаълум.
Афсуски, Пушкин Қримга сафари давомида қораимлар билан учрашмаган. Ҳатто Боғчасаройда яшаган вақтида ҳам қораимларнинг тоғда жойлашган Чуфут қалъасига қадами етмаган.
Демак, буюк рус шоирининг аждоди Ганнибалнинг қораимлардан бўлганлиги тўғрисидаги фаразлар ўзини оқламади. Унинг африкалик ҳабашларга келиб тақалиши ҳозирча ягона ҳақиқат бўлиб турибди. Пушкин оиласини қораимлар билан боғлаб турган ягона далил эса ҳозирча шоирга совға қилинган қадимги яҳудийча ёзувлари битилган олтин узук, холос. Наҳотки, шу биргина унсур унинг эфиоп эмас, балки яҳудий эканлигини билдирса? Бунга ишониш қийин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.