Тaрмоққa ноқонуний улaниб, давлатга 10 миллиaрд сўмдaн зиёд зaрaр еткaзгaн “тадбиркор”лaр aниқлaнди
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги 12 январда қабул қилинган 22-сонли қарори 70-бандида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш 100 фоиз олинадиган ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши, олдидан ҳақ тўланмаган ҳолларда истеъмолчилар электр тармоқларидан тўлиқ узилиши белгиланган.
Аммо Булунғур тумани электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахслари томонидан “Евро Сам инвест” МЧЖнинг 4 миллиард сўм ва “Булунғур газ сервис” МЧЖнинг 3 миллиард 256,5 миллион сўм, “Мингмурод Дилмурод” МЧЖнинг 1 миллиард 653 миллион сўм, “Метин текстил” МЧЖнинг 761 миллион сўм, “Хамра Бегим Мирали КНХ боғи” фермер хўжалигининг 199,1 миллион сўм, “Ғўбдин ниҳоллари” МЧЖнинг 214,5 миллион сўм, “Булунғур мева-сабзавот” МЧЖнинг 69 миллион сўм ва яна ўнлаб корхона ва фермер хўжаликларининг қарздорлиги мавжуд бўлса-да, бу истеъмолчиларни тармоқдан узиш чоралари кўрилмаган. Оқибатда давлат ва жамоат манфаатларига жами 10 миллиард 608 миллион 700 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
Бундан ташқари, туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахслари томонидан 2020 йилнинг август ойидан 2022 йилнинг август ойига қадар 402 ҳолатда 7 миллиард 75 миллион сўм қарздорлик бўйича бирламчи ҳужжатларсиз, асоссиз ва ноқонуний қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилиб, корхонадаги “Электр ҳисоб” дастуридан чиқарилган.
Шунингдек, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ўтказилган текширишларда электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланганлиги ҳисобга олиш асбоблари пломбаларига қасддан шикаст етказилиш ҳолатлари кузатилган. Бунинг оқибатида “Мингмурод Дилмурод” МЧЖ томонидан 1 миллиард 621,9 миллион сўмлик, "Муғол Чорбоғ даласи" фермер хўжалигидан 1 миллиард 543 миллион сўмлик, “Метин текстил” МЧЖдан 454,4 миллион сўмлик, “Хамра Бегим Мирали КНХ боғи” фермер хўжалигидан 199,1 миллион сўмлик давлат ва жамоат манфаатларига (жами 3 миллиард 818 миллион сўмлик) зарар етказилган.
Юқорида санаб ўтилган ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонун ҳужжатларини менсимасдан, ўз моддий манфаатларини кўзлаб шундай йўл тутаётган айрим кимсалар сабаб юзага келаётган муаммоли ҳолатлар ҳамда уларнинг сабабчиларига кўрилаётган қонуний чоралардан барча хулоса чиқармоғи лозим.