Тарозининг икки палласи тенг ёки ҳақ-ҳуқуқи қонунларимиз муҳофазасида

Эркак ва аёл ўртасидаги тенгсизликка барҳам бериш, хотин-қизлар ҳуқуқларининг тан олиниши учун қатъий курашиш кўп давлатларда энг муҳим ва азалий мавзулардан бири. Зотан, тенглик тушунчаси кўп жиҳатдан орзу-умидларини рўёбга чиқариши, яхши яшашга интилиш, турмушда рўшнолик кўриш учун эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдек имконият беришни назарда тутади.
Вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирокида ўтказилган навбатдаги тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
- Республикамизда аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб, хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай турларига аҳамият қаратиб келинмоқда, - дейди судья Ф.Қаршиев. - Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг асосий мазмун ва моҳияти ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тазйиқ ҳамда зўравонликнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоя қилиш, хотин-қизларга нисбатан бўладиган турли хил камситишларни олдини олиш тизимини ва ҳуқуқий асосларини яратишдан иборатдир.
Суҳбат давомида судьялар томонидан қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида оила қуриш оқибатида ҳуқуқи бузилган хотин-қизларнинг қисмати, шунингдек, ўртада овора бўлаётган болалар ҳақида аниқ мисол ва рақамлар айтиб ўтилди. Бундан ташқари, оила эр ва хотиннинг ҳуқуқлари билан бирга муайян мажбуриятлари ҳам борлиги алоҳида қайд этилди. Бу борада фуқаролик кодексида белгиланган тамойиллар айтиб ўтилиб, бунга риоя қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди.