Ташқи ишлар вазирлиги Тайвандаги вазият бўйича муносабат билдирди

Ўзбекистон Тайвань атрофида юзага келган кескинлик тезроқ бартараф этилишига умид билдиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида маълум қилинди.

“Тайвань атрофидаги вазиятнинг ривожланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юзага келган кескинлик тезроқ пасайишига умид билдиради”, дейилади ТИВ муносабатида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига мувофиқ “Ягона Хитой” сиёсатини, ушбу мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди.