Ташрифдан ташрифгача
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида 11 январь куни вилоятимизга келди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди.
Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида умумий қиймати 2 417,0 млрд. сўмлик 1142 та лойиҳа ишга туширилиб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
2018 йилда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш Дастури доирасида саноат йўналиши бўйича жами 88 та лойиҳа амалга оширилиб, 1322,3 млрд. сўм инвестициялар ўзлаштирилди. Тўғридан-тўғри инвестициялар 58,267 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги Фармонига асосан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 16 лойиҳани амалга ошириш учун 67,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди ва 690 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу корхоналар томонидан 112,3 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 5,2 млн. АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.
Вилоятимизнинг туризм салоҳиятини ошириш борасида ҳам аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда вилоятда меҳмонхоналар сони 119 тага етказилиб, ётоқ ўринлари 2017 йилга нисбатан 1060 тага кўпайди. Жумладан, 22 та уй меҳмонхоналари ташкил этилди.
Меҳнат бозорида туризм соҳасида малакали мутахассисларга бўлган талабдан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ипак йўли” халқаро туризм университети иш бошлади.
Туристик хизматлар экспорти ҳажми 649,6 млн. АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2,6 бараварга ўсди.
Ташриф давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар тақдимотлари ўтказиш кўзда тутилган.