Тель-Авивда Нетаньяху кабинетининг минглаб мухолифлари норозилик намойиши ўтказди

«Ликуд» етакчиси Беньямин Нетаньяху бошчилигидаги Исроилнинг янги ҳукуматининг минглаб мухолифлари шанба оқшомида Тель-Авив марказида адлия вазири Ярив Левиннинг ҳуқуқий ислоҳотларига қарши намойишга чиқди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар бермоқда.

Нашр акция ташкилотчиларининг қўшма баёнотига иқтибос келтирган ҳолда, намойиш “жиноий ҳукумат томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига қарши” норозилик сифатида ўтказилаётгани айтилади.

Левин 4 январь куни Исроил Олий судининг қонунлар ва ҳукумат қарорлари устидан ваколатларини чеклайдиган ҳамда ҳукуматга судьяларни танлаш устидан назоратни таъминловчи ҳуқуқий ислоҳот параметрларини эълон қилди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра,

7 январь куни кечқурун Тель-Авив марказидаги Ҳабима театри ёнидаги майдонда ўтказилган митингда 10 минггача одам қатнашган, шундан сўнг уларнинг бир қисми бир неча кўча бўйлаб юришган.

2022 йил 29 декабрь куни Исроил парламенти навбатдан ташқари йиғилишда Нетаньяху томонидан 1 ноябрдаги сайловлар натижасида тузилган ҳукуматга ишонч билдириш учун овоз берган. Шундан сўнг вазирлар ва янги бош вазир қасамёд келтирган. Шу куни Нетаньяху янги вазирлар маҳкамасининг биринчи йиғилишини ўтказган.