Термиз: Самарқанд қўрғонидаги ҳайратлар
Термиз шаҳрида ўтказилаётган I Халқаро бахшичилик санъати фестивалига самарқандликлар ҳам ўзгача тайёргарлик кўришган. Ахир, кимсан Самарқанд достончилик мактаби намоёндалари Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли каби бахшиларнинг издошлари уларнинг шарафини, орини ҳимоя қилиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Фестиваль ўтказиладиган боғда Самарқанд ҳудуди айнан самарқандликларга хос услубда меҳр билан безатилган. Уч томонда уч дарвоза: Регистон майдонидаги Шердор ҳамда Мирзо Улуғбек мадрасалари ва Самарқанд дарвозалари макети маҳобат тўкиб турибди. Ҳатто, Самарқанд достончилигида шуҳрат қозонган Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом ва Пўлкан шоирларнинг ҳайкаллари келганларни кулиб қарши олмоқда.
Пахса уйчаларда кулолчилик буюмлари, қўл меҳнати асосида тўқилган ипак ва жун гиламлар, Ургут чопонлари, машҳур Самарқанд қоғозларию зардўзлик намуналари, қўғирчоқлар, бежирим ёғоч ўймакорлиги намуналари бирин-кетин тахланган. Ўтовларда эса кашталар, бир-биридан ранг талашган сўзаналар илиб чиқилган.
Самарқандда биттагина зардўз йигит
Бу ерда Самарқанд тумани “Қуйи Ҳаймар” маҳалласида яшовчи зардўз йигит Шавкат Зоҳидовни учратдик.
- Зардўзликни онам Зулайҳо Рустамовадан ўрганганман, - дейди зардўз ҳунарманд. - Бу ҳунар билан оилавий шуғулланамиз. Мен бешинчи авлод вакилиман. Очиғи, зардўзлик ўта машаққат ва сабр-тоқатни талаб этадиган ҳунар. Бунинг учун кишида кучли иштиёқ ҳам бўлмоғи зарур. Бугунги кунгача ушбу ҳунарнинг заминдўз, шакардўз, гулдўз ва қуббадўз каби тикиш усулларини пухта ўргандим. Улар асосида миниатюралар, портретлар устида ишлаб, турли композициялар яратяпман. Оиламиз билан бирга 11 йилдан буён “Ташаббус” кўрик-танловларида, шунингдек, кўплаб халқаро кўргазма ва фестивалларда иштирок этяпмиз. Яқинда Грецияда бўлиб ўтган Ўзбекистон кунларида ҳам қатнашиб келдим.
Читгарлик ҳақида эшитганмисиз?
Ҳойнаҳой, читгарлик, яъни пахта ёки ипакдан тўқилган матоларга ўйма ёғоч қолип ёрдамида қўлда гул босиш ҳунари ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Читгарлик санъати қадимий тарихга эга.
Матога гул босиш технологияси сиртдан оддий кўринса-да, аслида бу сермашаққат ва заҳматли ишдир. Бу жараёнда уста қолипдаги гулларни бир-бирига мослаш орқали фавқулодда нафис шаклу шамойиллар ҳосил қилади. Аммо бугун бу қадим анъана билан республикамизда саноқли ҳунармандлар шуғулланади. Улардан бири Владимир Аҳатбековдир.
-Читгарликнинг ватани Ҳиндистон ҳисобланади, - дейди читгар ҳунарманд Владимир Аҳатбеков. - Бу усул кейинчалик ҳинд диёрида Хитойга, ундан Буюк Ипак йўли орқали Ғарбга — Европа ҳамда Шимолий Африка мамлакатларига тарқалгани тахмин қилинади. Қадимда эса минтақа Ўрта Осиё халқлари гул босилган читдан дастурхон, жойнамоз, парда, палак, кўрпача, белбоғ, чойшаблар тикишда фойдаланишган. Матога гул босишда махсус қолиплардан ҳамда табиий усулда тайёрланган ранглардан фойдаланилади. Қолипларни ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланувчи усталар ясаб беришади.
Мустақиллик туфайли Ўзбекистонда бир нечта халқаро ташкилотларнинг кўмаги билан йўқолиб бораётган ушбу санъат тури ҳам қайта тикланди. Хусусан, Самарқанд ва Бухорода читгарлик устахоналари ташкил этилди. Мен беш йилдан буён ушбу ҳунар билан шуғулланаман. Мен яратган намуналарга ЮНЕСКО томонидан махсус сифат сертификати ҳам берилган.
Чиндан ҳам ҳунарманд томонидан гул босилган рўмолу палакларни кўриб бу нафис санъат асарининг инсон қўли билан яратилганидан ҳайратга тушасиз. Халқаро бахшичилик санъати фестивалига ташриф буюрсангиз, сиз ҳам мана шундай ноёб ҳунармандчилик тури билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўласиз.
Тайлоқнинг ипак гиламлари
Тайлоқлик гиламдўз Иноят Нарзиева томонидан тўқилган ипак ва жун гиламларнинг нафис ранглари ва гуллари ҳам бир пас хаёлингизни олисларга ўғирлайди. Замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган гиламларнинг бари табиий бўёқларда бўялган ипларда тўқилган. 17 йилдан бери ушбу ҳунар билан шуғулланиб келаётган моҳир гиламдўз ўз маҳсулотларини бугун Европа давлатларига экспорт қилмоқда.
“Меҳмонларга Самарқанд нонларидан улашяпмиз”
- Ҳар куни Самарқанднинг сувига қорилиб, ҳавосига тўйинтирилган нонларнинг 47 туридан келтириб, меҳмонларга улашяпмиз, - дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. - Улар арпа, буғдой ҳамда маккажўхори унидан тайёрланган бўлиб, айниқса, пиёзли, гўштли, чандир патирлар фестивалга ташриф буюрганларга маъқул бўляпти.
Бундан ташқари, фестиваль кунларида Самарқанд вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Мирзо Улуғбек” спектаклидан парча, Амир Темур бобомизнинг хорижий элчиларни қабул қилиш воқеаларидан чиқишлар намойиш қилинади. Ўйлайманки, улар фестиваль иштирокчиларию унга ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Икром АМИРҚУЛОВ (суратчи),
“Зарафшон” учун махсус тайёрланди.