Тешиктошдаги Наврўзнинг донғи дунёга таралди

Ургутнинг Бешкон маҳалласига табиат ҳар томондан қарашган: бир томондан ям-яшил адирликлар, бир томондан табиий булоқлар, нариги томонда эса кўзни қувнатиб турувчи пурвиқор тоғлар. Адирликлар аро табиатнинг ўзи моҳир усталик билан ясаган турли шаклдаги тошлар. Буларнинг ҳаммаси ушбу ҳудудга ўзгача об-ҳаво, гўзаллик бахш этиб турибди. Айнан шундай манзарада шу атрофдаги ўнлаб маҳалла аҳли иштирокидаги Наврўз байрамининг нишонланиши чинакам сайилга айланиб кетди.

Бешкон, Қоратепа, Вағашти, Халқобод каби тумандаги ўнлаб маҳалла аҳли, вилоят марказидан меҳмонлар эрта тонгдан Тешиктош маскани қайдасан, деб йўлга тушишди. Адирлик байрамона безатилган, ҳудудни сайёҳлик марказига айлантириш мақсадида ўтган йили барпо этилган ўтовлару ҳалгинчаклар гулларга бурканган.

Адирликка экилган турли мевали дарахтлар қийғос гуллаб турибди. Таълим муассасалари, маҳалла фаоллари томонидан тайёрланган миллий таомлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан иштирокчиларнинг эътиборини тортган бўлса, мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг куй ва рақслари байрамга ўзгача бир шукуҳ бағишлади. Бир томонда полвонлар беллашса, яна бир қирда чавандозлар кўпкарига тайёрлана бошлади. Баҳор айёми сумалаксиз ўтармиди? Бешкон маҳалласидаги 44-умумтаълим мактабининг фаоллари кечаси билан ўйин-кулги остида сумалак пишириб, бу тотли неъматни халққа улашди. Яна бир гуруҳ фаоллар дошқозонларда ош дамлаб элга тарқатди.

Аслида ҳар йили шу ерда маҳалламиз билан байрам ўтказиш одат тусига кирган, - дейди тарих фани ўқитувчиси Беҳруз Фозилов. – Бу йил байрам ўзгача бир шукуҳда, катта миқёсда ўтаётганлиги ҳудуднинг тарихий жой сифатида янаям машҳур бўлишига олиб келади. Аслида Тешиктош масканидан эрамиздан аввалги V-VI асрларга тегишли бўлган шаҳар қолдиқлари топилмоқда. Айни пайтда тарихчи олимлар бу ҳудудни янада чуқурроқ ўрганишга киришган. Узоқ йиллик тарихга эга бўлган байрам ажаб эмаски, минглаб йиллар аввал ҳам шу адирликларда ўтказилган бўлса.

Сумалакни тайёрлашда бош-қош бўлган Нилуфар Нурматова бу баҳорий таомнинг таъми доим ўзгача бўлишини таъкидласа, ош пиширишда ташаббусни қўлган олган Боймуҳаммад Дўстов элга тарқатилаётган ошнинг мазасида аллақандай ўзгачалик борлигини айтди.

Кўпкарига тайёрланаётган чавандозлар орасида ёш йигитчани кўриб, ҳайратимиз ошди.

- Бобом ва отам чавандоз, - дейди Қайнарбулоқ қишлоғидан келган 14 ёшли Хуршид Хуррамов. – Ўн ёшимдан бошлаб кўпкарига чиқаман.

Кўп гапиришни истамайдиган чавандоз йигитча отини жадал чоптириб, «ҳа», деганча кўпкари бўладиган адирлик томон йўл олди.

Аёлларнинг лапарлари-ю, келинчакларнинг салом солиши, адирликка ўрлаган баҳорга ҳамоҳанг кишида ҳақиқий байрам кайфиятини уйғотди. Ҳаво шарининг учирилиши аҳоли учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

Замира БАЛТАЕВА,

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.