Тест синовлари июль-август ойларида бўлиб ўтади
Мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан брифинг ташкил қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Кириш тест синовлари июль-август ойларида бўлиб ўтади.
– 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади, – дейди Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов. – Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади. Яна бир муҳим маълумот:
абитуриентларни шу пайтгача қийнаб келаётган масалалардан бири ДТМ рухсатномаларини қай вақтда олиши эди. Бу йилдан абитуриент ДТМ рухсатномаларини бевосита Давлат тест маркази сайтидан фойдаланиб, ўзига тегишли рухсатномани юклаб олиши мумкин.
Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
М.Тошқораева, ЎзА