“Тез ёрдам” 40 дақиқада эмас, 7 дақиқада етиб борган: Ўлим ҳолатига юрак хасталиги сабаб бўлган
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилоятида “тез ёрдам” 40 дақиқада келгани сабабли одам вафот этгани айтилган видеолавҳа вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганилиб, қуйидагиларни маълум қилади.
Жорий йил 20 май куни соат 12:12да Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчасидаги “Доктор Магнус” хусусий тиббиёт клиникаси рўпарасида номаълум шахснинг велосипеддан йиқилиб, ҳушсиз ётганлиги тўғрисида Андижон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига чақирув бўлган.
Чақирувни қабул қилган тез тиббий ёрдам диспетчери тез тиббий ёрдам бригадасига соат 12:14да етказган. Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига соат 12:21да, яъни 7 дақиқада, ўз вақтида етиб борган. Тиббиёт ходимлари томонидан ҳушсиз ётган фуқаро текширилганда, ўлим ҳолати белгилари аниқлангач, “тез ёрдам” шифокори томонидан соат 12:30да ички ишлар органларига хабар берилган, улар эса соат 12:44да воқеа жойига етиб келган.
Марҳум вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан текширилиб, ўлим сабабларининг дастлабки хулосаси берилган.
Маълум бўлишича, вафот этган фуқаро 1951 йилда туғилган А.М. бўлиб, Андижон шаҳар Гумбаз МФЙда яшаган. Яқинларининг сўзига кўра, у юрак хасталиги билан оғриб келган ва 2 марта юрак хуружини ўтказган.
Ўлимга сабаб бўлган дастлабки ташхис: “Сурункали юрак ишемик касаллиги. Юрак тож қон-томирлари атеросклерози. Юрак миокард инфарктидан кейинги кардиосклероз. Юрак чап қоринча мушаклари қон айланишининг бузилиши. Ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги”. Марҳум танаси текширилганда йиқилиш билан боғлиқ ҳеч қандай жароҳат излари аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 441 минг 713 нафар аҳолига тиббий хизмат қилиб келаётган Андижон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимида жами 34 та тез тиббий ёрдам бригадалари мавжуд бўлиб, автомашиналар билан тўлиқ таъминланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.