Тикув цехи очган фуқаро солиқ тўловчи саналадими?

- Кичик тикув цехи очмоқчиман. 2 та ёки 3 та тикув машинасини олиб, фаолият юритаман. Мен тикув цехи учун солиқ тўлайманми?

Обид Ниёзматов,

Пайариқ тумани.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг иловасида ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатида тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереяси буюмларини таъмирлаш, аҳолининг якка тартибдаги буюртмаси бўйича тикув ва трикотаж буюмларини, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереяси буюмларини тикиш фаолияти ҳам келтирилган.

Мазкур қарорга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаши белгилаб берилган.

Бундан ташқари, тикувчилик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс, яъни оилавий корхона сифатида рўйхатдан ўтганда турар жойни нотурар объектга ўтказмасдан фаолиятни амалга ошириши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказидан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтилган вақтдан эътиборан солиқ мажбурияти юзага келади.

Саволга Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходими Анвар Қобилов жавоб берди.