Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тиланчи аёл лотореяда миллион евро ютиб олди

Мерседес исмли бу аёл Испаниянинг Аликанте шаҳридаги Ла Флорида ҳудудида тиланчилик қилади.

Мана тўрт йилдирки, чўнтагида бир евро тўпланиши биланоқ маҳаллий «Бонолото» лотореясини сотиб олиш учун югуради. Ва ниҳоят, 2 август куни у 1,2 миллион евро ютганини билди.

"У йиғлаб юборди. Рақамлар мос келган бўлса-да, ҳали ҳам бунга ишонмасди. Ҳудудда ҳамма катта ютуқ ҳақида эшитди ва ҳамма Мерседес учун жуда хурсанд бўлди. Уни кўриб, кўзларимизга ёш келди. Мерседес эса ҳаяжондан титраб кетди", дейди лоторея дўкони сотувчиси Мари-Анжелес.

Беш фарзанднинг онаси Мерседес ишчилар маҳалласида камтарона уйда яшайди. "У ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди. Ҳозир ҳамма унга ютуқни қандай бошқариш ҳақида маслаҳат бермоқда", - дейди Мари-Анжелес. Аммо унинг эски одатлари ўзгармаган: у ҳали ҳам бу ерга ҳар куни келади. Аввалгидек нонуштасини ўша жойда қилади ва ютган пулига биринчи бўлиб атиги 5 еврога шиппак сотиб олган.