"Тинчлик учун курашмоқ шараф"

Болалигимда дадам Жиззах шаҳрига саёҳатга олиб борганди. Шаҳардаги олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти яқинида жойлашган ошхоналарнинг бирида овқатландик. Ёнгинамизда бир гуруҳ ҳарбийлар ҳам тушлик қилаётганди. Улар орасида кийими ўзига ярашган бир аёл ҳам борлиги эътиборимни тортди.

Унга ҳавас қилдим. Уйга қайтаётиб, дадамга ҳарбий бўлиш истаги пайдо бўлганини айтганман.

Катта бўлдим. Орзуимни амалга оширишга ҳаракат қилдим. Ўша пайтлар қизларнинг ҳарбий бўлиши у ёқда турсин, уйидан узоқроқдаги техникум ёки институтда ўқиши амримаҳол эди. Аммо дадам мени қўллаб-қувватлади.

Бугун ҳарбий хизматчиман. Турмуш ўртоғим шу соҳадан пенсияга чиққан. Ўғлим ҳам изимиздан боряпти. Тинчликни асраш, Ватанни ҳимоя қилиш олий бурч эканлигини оилавий ҳис қиламиз.

Кейинги йилларда ҳарбийлар орасида ҳам аёллар сафи кенгайиб боряпти. Ватанни ҳимоя қилишда улар эркаклардан қолишмайди. Аёл киши учун ҳарбий бўлиш осонмас, аммо фахрли. Айниқса, дала ўқув-машғулотларида қатнашиш ўзгача завқ бағишлайди.

Шундай вазиятлар бўлганки, ёш фарзандларимни уйда ёлғиз қолдиришга тўғри келган. Яқин қариндошларимизнинг тўй-маъракаларида қатнаша олмасдик. Чунки Ватан осойишталиги учун ҳар нарсадан, ҳатто жондан воз кечиб хизмат қилиш – шараф.

Холида Худойбердиева, кичик сержант.