ТИВ Канадада ҳалок бўлган ўзбекистонликлар ҳақидаги хабарни тасдиқлади

Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси енгил моторли шахсий самолёт қулаши натижасида асли ўзбекистонлик Отабек Облоқулов ва Бобомурод Набиев, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (жами 7 киши) ҳалок бўлганлиги ҳақидаги ОАВ хабарларини тасдиқлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Воқеа 27 ноябрь куни Канаданинг Онтарио провинциясида юз берган.

Олинган маълумотларга кўра, самолёт Отабек Облоқулов томонидан бошқарилган, у турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди, шунингдек, бошқа қариндошлари билан бирга дам олиш кунларини ўтказиш учун Торонто шаҳридан Кингстон шаҳрига йўл олган. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт қулашининг сабаби ноқулай об-ҳаво бўлиши мумкин.

Элчихона томонидан кўрилган шошилинч чоралар, жумладан, Кинстон шаҳри полицияси билан олиб борилган музокаралар натижасида барча қурбонларнинг шахси аниқланган.

Элчихона ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.