Тўйда: "Барака топкур, овозини сал пасайтир!"
Гап тўй-ҳашамлар, турли тадбирларни ўтказишда иштирок этаётган санъаткорлар хизмати хусусида кетар экан, бу саволлар ҳозирча очиқ қолиши турган гап. Масалан, сўз матни саёз, енгил-елпи қўшиқларнинг кўпайиши, бу қўшиқлар радио-телевидение эфирларида тинимсиз янграши – соҳа мутахассисларини ранжитмоқда. Маза-матрасиз қўшиқларнинг кўпайишига асосий сабаб илгари биз ижод қилган даврдаги бадиий кенгашнинг йўқлиги, бозор иқтисодиётининг санъатга ҳам кириб келиши ва компьютер технологияларининг қўшиқчилик санъатида катта "имконият"ларни очганидан деб биламиз. Қўшиқчининг овоз кенглиги (диапазони), тонликни тоза куйлаши, сўзларни бурро-бурро, аниқ талаффуз этиши (дикция) асосий сифатлари ҳисобланади. Афсуски, мана шу сифатларни компьютер технологиялари орқали тўғирлаб, бўрттириб кўрсатишга уриниш пайдо бўлмоқда. Ачинарли жиҳати шуки, мана шу каби маза-матрасиз қўшиқлар тўйларимизнинг ҳам асосий "репертуар"ини ташкил қилмоқда. Унда ижро этилаётган қўшиқларнинг савияси пастлиги борасида матбуотда, радио-телевидениеда жуда кўп фикрлар айтилмоқда. Шунга қарамай, халқимиз орасида гўёки марказдан таниқли ҳофизлар тўйга келса, обрўси ошадигандек, кимўзарга иш қилинаётгандек туюлади. Фалон долларга олиб келинган ҳофизлар эса тўйда уялмасдан фонограммани қўйиб, оғзини қимирлатишдан нарига ўтмаяпти. Боз устига, айрим ҳолларда бошқа таниқли санъаткорларнинг фонограммаларини қўйиб, оғиз қимирлатиб турадиганлари ҳам йўқ эмас.
Тўйларимиздаги яна бир оғриқли ҳолат овоз кучайтиргич техника воситаларининг жуда баланд қўйилишидир. Одамлар тўйга дам олиш, ёру биродарлари, таниш-билишлари билан суҳбатлашиб, дилларини ёзиш учун келишади. Аммо тўйхонадаги мусиқа овози баландлигидан ёнма-ён ўтирган одам бир-бировига гапини тушунтира олмайди. "Барака топкур, овозини сал пасайтир!" десангиз, баттар баландлатади. Натижада тўйга келган меҳмонларнинг асаби бузилиб, бошига оғриқ киради, биринчи овқат сузилар-сузилмас ярмидан кўпи кетиб қолади.
Яна бир ҳолат. Тўй давомида табриклаш учун тўй соҳибларининг яқинларига сўз берилади. Агар бу табрик сўзлари тантананинг бошида берилса бир нав, озгина вақт ўтгандан кейин ҳеч ким қулоқ солмайди. Шовқиннинг зўрлигидан ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ахир, қани бизнинг маданиятимиз, бир-биримизга, даврадошларга бўлган ҳурматимиз?
¤тган асрнинг 80-йилларида тўйларда "Электроника" деб аталадиган овоз кучайтиргич аппаратидан фойдаланар эдик. Унда иккита овоз йўли бўлиб, ҳар бири 16 ваттдан 32 ватт чиқарар, шу овоз тўйхонанинг ҳар бир бурчагига етар эди. Ґозирги кунда тўйларда қўшиқ айтувчи "ҳофиз"лар 2 киловаттдан кам бўлган овоз кучайтиргич аппаратурасини писанд қилмайдилар. Бу ишларни илмий томондан кўриб чиқадиган бўлсак, физикада овоз тўлқинланиши герц билан, баландлиги эса децибел билан ўлчанади. Инсон организми, аниқроғи, қулоқлари 20 децибелдан тахминан 60-70 децибелгача бемалол қабул қила олади. Тўйларимизда бу кўрсаткич 100-120, ҳаттоки 150 децибелни ташкил этаётмоқда.
Келинг, бир эслайлик, ош берилаётган тўйларда ҳофизларимиз миллий чолғуларда мақом дурдоналаридан ёки мумтоз ашулалардан маза қилиб эшитадиган даражада куйлар эди. Бугунги кунда уларнинг ўрнини юқорида айтилган эстрада "юлдуз"ларининг енгил-елпи қўшиқлари ва ўхшовсиз рақс ҳаракатлари билан хореография санъатига умуман зид бўлган ўйинчилар эгалламоқда.
Айтаверсак гап кўп. Мен санъаткор сифатида тўйда хизмат қиладиган барча ҳофизларни юқорида айтиб ўтилган нуқсонларни бартараф қилишда ҳамжиҳат-ҳамфикр бўлишга чақираман. Бу ишларда устоз санъаткорлар намуна бўлишади, деб ўйлайман.
Жаводбек КОЗИМОВ,
СамДУ мусиқа таълими
кафедраси доценти.
Инсон организми, аниқроғи, қулоқлари 20 децибелдан тахминан 60-70 децибелгача бемалол қабул қила олади. Тўйларимизда бу кўрсаткич 100-120, ҳаттоки 150 децибелни ташкил этмоқда.