Тўйни азобга айлантирманг
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб: "Бу нима?", - дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим", дедилар. "Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилгин", - дедилар" (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Демак, ким уйланадиган бўлса, кучи етганича, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиши суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйланганларида имконлари борича тўй қилиб берганлар. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафия онамизга уйланганларида меҳмонларни хайс (хурмо ва ёғдан тайёрланадиган, кўриниши биздаги ҳолвайтарга ўхшаган таом) билан меҳмон қилдилар.
Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, ҳар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз - енгиллик дини. Ҳамма масалада бўлгани каби тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилади.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Энг баракали никоҳ - харажатлари енгил бўлганидир" (Имом Байҳақий ривояти).
Никоҳнинг баракалиси - никоҳ харажатлари ва дабдабаларининг камроқ, енгилроғидир. Бошқа Ҳадиси шарифда шундай дейилади: Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтди: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлари менга етиб келди: "Икки иш ўртасидаги ишни (лозим тутинг). Ишларнинг яхшиси ўртачасидир" (Имом Байҳақий ривоят қилган). Бу ҳадисдаги "икки иш"дан мурод ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйишдир. Демак, тўйларимизни ўтказишда ҳам энг яхши йўл - исроф ҳам, бахиллик ҳам қилмасдан, ўрта йўлни тутиш.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, келин ёки куёв танлашда асосий мезон мол-дунё ва обрў-эътибор бўлмаслиги керак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай тавсия берадилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: "Аёл тўрт нарса учун никоҳланади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топгур!" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Баъзида қизларимизнинг тенги чиқса ҳам янада яхшироқ жойлардан умид қилиб, уларни ушлаб турамиз. Гоҳида қизнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини рўкач қилиб, уларнинг умрини ўтказамиз. Тенги чиққан қизларни турмушга узатмасак, кераксиз матоҳларни деб тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.
Баъзи йигитлар эса ҳамма шароитимни яхшилаб оламан, деб уйланмай юришади. Натижада ёшлари ўтиб қолади. Ваҳоланки, бир касбнинг бошини тутган, нафақаи рўзғор қила оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб, уйланмай юриши тўғри эмас. Динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: "...Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди" (Анъом сураси, 141-оят).
Кейинги пайтларда халқимиз орасида куёв томоннинг келин томондан баъзи харажатларни талаб қилиши кўп учраяпти. Масалан, куёвга бошдан оёқ сарпо қилиш, мебель сотиб олиш… Хўш, мана шу харажатлар ҳақида шариатимиз нима дейди, келин ҳақиқатан ҳам юқоридаги харажатларни қилишга мажбурми?
Куёв томон талабгор бўлгани, совчи қўйгани учун маҳр бериш, тўй қилиш унинг зиммасида бўлади, албатта. Демак, келин томондан тўй ва бошқа харажатларни талаб қилиш мумкин эмас. Бу шариатимиз кўрсатмаларидан чиқиш ҳисобланади.