Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тоғчиноқда 1000 доллар ойлик оладиган ўқитувчи бор

Каттақўрғон тумани Жизмонсой маҳалласида ижодий сафарда бўлдик. Тоғлар орасида жойлашган қишлоқларда қарийб 10 миллион сўм ойлик олаётган ўқитувчилар ҳаёти, уларга яратилган шароитлар билан қизиқдик. Сафаримиз чоғида, аввало, олис қишлоқ Тоғчиноққа боришни мақсад қилиб, йўлга отландик.

Кичик мактабнинг катта ютуғи бор. Муаммоси-чи?

Маҳалла ҳудудига кираверишимизда ҳовлисида ям-яшил арчалар ўсиб турган мактаб эътиборимизни тортди. Бу таълим муассасасига кириш режамизда йўқ эди, аммо тўхташга қарор қилдик. Мактаб кичик бўлса-да, битирувчилари олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи бўйича туманда юқори ўринда экан.

- 2019-2020 ўқув йилида битирувчиларимизнинг 46 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди ва туманда бу кўрсаткич бўйича биринчи ўринда эдик, – дейди мактаб директори Асад Абдураҳимов. – Ўтган ўқув йилида битирувчи синф ўқувчиларимиз камлиги сабаб, улар қўшни мактабда таълим олди. Жорий ўқув йилида бу борадаги кўрсаткичимизни 70-80 фоизга оширишни режалаштирганмиз. Ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида ҳам юқори натижаларга эришяпти. Мактабимиз 96 ўринли бўлиб, бугунги кунда 195 нафар ўқувчи таълим оляпти. Тўғрисини айтиш керак, синфхоналар етишмайди. Бу муаммони туманимиз ҳокими ўрганиб, 2022 йилда қўшимча 6 та синфхона қуриб берилишини айтди.

Маҳалла марказида машинани алмаштирдик

Жизмонсой маҳалласи марказида ҳам тўхташга мажбур бўлдик. Сабаби, Тоғчиноққа бориш учун тоғ йўлларига чидамли машина ва малакали ҳайдовчи керак бўлар экан. Фақат мотоцикл ёки “Нива” автомашиналари қатнайдиган йўлларда ҳайдовчиси тажрибали бўлса “Дамас” ҳам юраркан.

Хуллас, маҳалла марказидан “Дамас”да ўтириб, “Тоғчиноқ қайдасан”, деб 12 километр масофани бир соатда босиб ўтдик, десам ишонаверинг. Бу - йўлда булоқдан сув ичганимиз, йилқиларни суратга олганимиз, тоғнинг тепасига чиқиб, Нурота ва Қўшработ туманларига қарашли қишлоқларни томоша қилганимизга кетган вақтдан ташқари.

- Биз турган жой уч туман чегараси, - деди бизга ҳамроҳлик қилаётган, туман халқ таълими бўлими методисти Сарвар Тоиров. – Ўнг томондаги қишлоқ Навоий вилояти Нурота туманига, чап тарафдагиси эса Қўшработ туманига қарашли. Қаршимизда Тоғчиноқ.

Ўқувчилар учун тўгараклар

Тоғчиноқда яшаш, бу ерда жойлашган 81-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари ва шу билан бирга завқи бор. Олис ҳудудда жойлашган мактабга бошқа вилоятлардан - Навоийдан уч нафар, Андижон ва Фарғонадан бир нафардан ўқитувчи келиб, қишлоқ болаларига сабоқ беряпти. 

- Навоий вилояти Хатирчи туманидан келганман, - дейди олий тоифали математика ўқитувчиси Ғайрат Сафаров. – Бу ерда 9 миллион сўмга яқин ойлик оляпман. Ўқувчилар учун қўшимча тўгараклар ташкил қилганман. Бундан ташқари, ўтган йилларда мактабни битириб, ўқишга киролмаган ёшларга репетиторлик ҳам қиляпман.

Ўқитувчиликдан ҳам ойига 1000 доллар топса бўларкан

Андижон вилоятининг Улуғнор туманидан келган Ойшахон Эрматова шу мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.

- Йўлини ҳисобга олмаса, бу қишлоқда яшашнинг гашти бошқача, - дейди муаллима. – Одамлари самимий. Ўқувчилари илмга чанқоқ. Хотираси кучли. Бу ерда телефон алоқаси бўлмагани ҳам улар учун қўл келаркан. Аммо шундай чекка қишлоқдаги мактабга интернет тармоғи тортилганига қойил қолдим. Президентимиз ўқитувчилар ойлиги 1000 доллар бўлади деганда, кўпчилик ишонмаганди. Мана, биз қарийб 10 миллион сўм ойлик оляпмиз. Мақсадим жуда катта. Биринчи навбатда менга билдирилган ишончни оқлаб, мактаб битирувчиларининг камида 80-90 фоизининг талаба бўлишига кўмаклашиш. Шунингдек, олис ҳудудда, аммо Ўзбекистонимиздан чиқмасдан туриб, ўқитувчилик қилиб, пешона терим билан топаётган даромадимдан рўзғоримизни бут қилиш, қолаверса, яқинда оламдан ўтган қайнукамнинг оиласига моддий ёрдам кўрсатиб туришни ният қилганман.

 “Ҳаётнинг эрганаги” нима?

Муаллима  Ойшахон Эрматова олис ҳудудда ишлаш учун ёлғиз келмаган, ўғли Муҳаммаджон у билан бирга.

- Аям билан шу қишлоққа келиб яшаяпман, - дейди у. – Бошида бу ерликларнинг шевасига тушунишим қийин бўлди. Масалан, “Ҳаётдинг ерганагини жовиб ке”, деган гапга. Кейинчалик ўргана бошладим. Тўғриси, луғат дафтар тутдим. Ҳаёт – томорқа. Эрганак – дарча, эшик. Жовмоқ – ёпмоқ. Шаппат – қиялик. Жўл – йўл. Кўна – эски, кўҳна.  

“Булоқ сувидан ичяпмиз”

Мактабда бошланғич синф ўқувчиларига фарғоналик Гулноза Мамадалиева устозлик қиляпти. У бу ерга оиласи билан бирга келган. Турмуш ўртоғи ҳайдовчилик билан шуғулланади.

- Бошида бироз қийналдим, - дейди Г.Мамадалиева. – Биринчи синфга келган ўқувчиларимдан ҳеч бири боғчага бормаган. Аксарияти ручка ушлашни билмайди. Айримлари биронта ҳам шеър ёдламаган. Аммо секин-аста ўргатдим. 4 йил давомида бу ўқувчиларимга бошланғич таълим беришда бор кучимни аямайман. Бунинг учун бизга зарур шароит яратилган. Яшаётган уйимизда шу қишлоқ имконияти даражасида қулайликлар бор. Табиий ёки суюлтирилган газ бу ерларга етиб келмаган, албатта. Шунинг учун ўтин ёқяпмиз. Асосийси, электр энергияси бор. Менга энг ёққан томони қишлоқнинг ҳавоси тоза, табиати гўзал. Булоқ сувидан ичяпмиз. Тинч ва осуда тоғлар орасида яшаш жуда завқли экан.

Жасоратли ўқитувчиларга раҳмат

Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан Тоғчиноққа келиб дарс бераётган фидойи ўқитувчилардан қишлоқ аҳолиси миннатдор.

-  Шу мактабда 40 йил ўқитувчилик қилиб, пенсияга чиққанман, - дейди меҳнат фахрийси Қурбонқул Маҳмудов. – Малакали мутахассисларнинг етишмаслиги сабабли мактабимизда таълим сифати сусайди. Аммо қишлоғимизга бошқа вилоятлардан тажрибали ўқитувчилар жалб қилингач, вазият ўзгаряпти. Улар ўқувчиларимизга бор билимларини беряпти. Бунинг учун миннатдормиз. Ўйлаймизки, бу устозлардан мактабда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ҳам ўрнак олади. Ўтган ўқув йили якуни бўйича “қизил” мактаб бўлган бу таълим маскани  тез орада “яшил”га айланади.

Олис ҳудудларда таълим сифати ошяпти

Каттақўрғон туманининг олис ҳудудида жойлашган икки маҳалла мактабларига бошқа вилоятлардан 13 нафар малакали мутахассис таклиф этилган.

- Туманимизнинг чекка ҳудуди – Бунёдкор маҳалласидаги 45-мактабга водий вилоятларидан 2 нафар, Навоий вилоятидан 1 нафар ўқитувчи жалб қилинган, - дейди туман халқ таълими бўлими кадрлар бўйича инспектори Наврўз Қодиров. – Жизмонсой маҳалласидаги 3 та мактабда эса бошқа вилоятлардан келиб дарс бераётган муаллим 10 нафарни ташкил этади. Улар учун имкон қадар турмуш ва иш шароитлари яратиб берилган. 

***

Тоғчиноқдан қайтаётганимизда қуёш бота бошлаганди. Бу қишлоқ тоғининг турли шаклдаги харсанг тошлари, уларни ўйиб чиққан ўсимликлар, тоғликларнинг қуртоваси, шўртобаси ва ундан тайёрланадиган ўзига хос таомлар, қолаверса, маҳалладаги тарихий обидалар, зилол чашмалар ҳақида яна лавҳалар тайёрлашни ният қилдик.  Бизни кузатиб боринг.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.