Тоғлар орасидаги туризм қишлоғига хорижий сайёҳлар ташрифи бошланди
Ургут туманидаги Терсак қишлоғи тоғлар бағрида жойлашган. Биргина ўтган - 2021 йилда ҳудудда 20 га яқин оилавий меҳмон уйи расман фаолият бошлади.
Туристлар учун қишлоқнинг табиий маҳсулотлари, миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиш, урф-одатларни намойиш этиш, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари билан танишиш йўлга қўйилди.
- Тоғ ён-бағирларида дам олиш масканларининг ташкил этилиши сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади, - дейди Терсак маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ғиёс Ғаффоров. – Маҳалламиз туризм қишлоғига айлантирилгач, 8 километр ички йўл асфальт қилинди. Йўлларнинг яхшиланганини кўрган аҳолининг келажакка ишончи ошди. Тадбиркорликни бошлаш, меҳмон уйлари очишни ният қилганлар сафи кенгайди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг қишлоққа қизиқиши ошди. Шу йил яна 2 та янги оилавий меҳмон уйи ташкил қилинди.
- 50 йилга яқин вақт давомида мактабда француз тили ўқитувчиси ва раҳбарлик вазифаларида ишлаб, пенсияга чиқдим, - дейди "Терсак шаршараси" оилавий меҳмон уйи бошқарувчиси Қўйсин Ҳасанов. – Ёшлигимдан сайёҳлик фирмасини очиш орзуим бор эди, аммо бунга имконият бўлмаганди. Мана кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли хонадонимда ўтириб, хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Яъни биз яшаётган ҳудудда туризм қишлоғи ташкил этилиб, ҳовлимнинг бир қисмини меҳмон уйи учун ажратдим. Бу ерда 4 киши иш билан банд. Ўзим француз тили ўқитувчиси бўлганим учун, дастлаб, фақат франциялик сайёҳларни қабул қилганман. Бугун Испания, Италия, Дания, Германия ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳларга ҳам хизмат кўрсатяпмиз. Шу пайтгачаям бу ҳудудга сайёҳлар келиб турарди, туризм қишлоғи ташкил этилгач, меҳмонларимиз сони кундан-кунга ортиб боряпти. Куни кеча 10 нафар франциялик меҳмонни кузатдик.
Мазкур қишлоқда тоғ туризми йўналишида 4 нафар гид экскурсовод фаолият юритади. Сайёҳларни пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилдириш, қишлоқнинг ўзига хос табиати билан таништириш имконияти бор.
- Бир куни телевизорда туризм қишлоқлари ҳақидаги кўрсатувни кўриб қолдим, - дейди яна бир оилавий меҳмон уйи бекаси Офият Худойбердиева. – Биз ҳам меҳмон уйи очсак бўларкан, деган фикр ўтди хаёлимдан. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, фарзандларим ёрдами билан иш бошладик. Дастлаб маҳаллий сайёҳлар, кейин Қозоғистон ва Россия давлатларидан ҳам меҳмонлар кела бошлади. Бизникига келган меҳмонлар томорқамиздаги кўл, узумзор ва олчазорга қизиқади. Аёллар сигир ва эчкиларимизни соғиб кўришни исташади. Нокамтарлик бўлсаям айтай, мен уларга чанқовуз ҳам чалиб бераман. Бунга, айниқса, чет элликларнинг қизиқиши катта.
Қишлоқда ташкил этилган оилавий меҳмон уйлари бир вақтнинг ўзида 250 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жойлаштириш имкониятига эга. Табиати хушманзара, одамлари хушмуомала Терсакда бир марта меҳмон бўлган киши яна боришни истайди.
Тўлқин Сиддиқов,
Фазлиддин Рўзибоев (фото).