Конигил: минг метрли йўлак, ўнлаб ҳунарманд фаолият юритаётган масканлар

Самарқанд туманидаги “Конигил” туристик қишлоғида юртдошларимиз, шунингдек, хориждан ҳам меҳмонлар келиб дам олиш имконига эга бўлмоқда.

Бу ерда сайёҳлар ҳордиқ чиқариши, халқ амалий санъатидан завқ олиши, миллий урф-одатлар ва анъаналар билан танишиши, қадимий ариқ бўйлаб сайр қилиши ва миллий ошхона таомларидан татиб кўриши учун барча шароит яратилган.

Шу йилнинг уч ой давомида мазкур туристик қишлоққа 2,5 минг нафар чет эллик, 4 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган.

Сувда ивимайдиган қоғоз

Конигил маҳалласи ўз номи билан нимага бой эканлигини айтиб турибди. Аммо гап фақат бу ернинг сифатли гил, яъни тупроққа бойлигида эмас, шундан унумли фойдалана олаётган аҳолиси, ҳунармандларида ҳамдир. Шунинг учун Конигил қишлоғининг бир қисми туризм йўналишларидан бирига айлантирилаётганда ҳунармандларни жалб қилиш масаласида қийинчилик туғилмади.

Конигил қишлоғи маҳаллий қизиқувчилар ва хорижлик сайёҳлар учун аллақачон сайёҳлик масканига айланган эди. Сабаби, айнан шу ерда, Оби Раҳмат ариғининг бўйида бундан бир неча ўн йил аввал Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди. Узоқ йиллар сақланадиган бу қоғоз чидамлилиги билан ажралиб туради. Самарқанд қоғозининг бир неча аср илгариги довруғи тикланган, деб айтолмасак-да, аммо ўша услубда чиқарилаётган қоғоз ҳақиқатан ҳам эътиборли.

- Жаҳоннинг кўплаб давлатларида қадимдан қоғоз тайёрлаш технологияси бўлган, - дейди «Конигил Мерос» корхонаси раҳбари Зариф Мухторов. - Мисрда папирусдан тайёрланган қоғозлар, шарқда хитой ва япон қоғозлари бунга мисол бўла олади. Самарқанд ипак қоғози эса ўзининг умрбоқийлиги, силлиқлиги, ҳар икки томонига ҳам ёзиш мумкин бўлганлиги, сувда ивимаслиги билан шуҳрат қозонган. Бугунги кунда кунига 100–110 дона турли ҳажм, зичлик ва ранглардаги қоғоз ишлаб чиқаряпмиз.

Шунингдек, Самарқанд қоғозидан кийимлар, йўл халталари (сумка) тайёрланяпти. Уларни ювиб, узоқ вақт ишлатса бўлади.

Тегирмонлар йўлакчаси

Қизиқиш, ҳайратлар эндиликда Конигилда фақат қоғоз ишлаб чиқариш жараёни билангина тўхтаб қолмайдиган бўлди. Қишлоқнинг нақ ўртасидан оқиб ўтувчи Оби Раҳмат ариғи бўйлаб ўзига хос, туризм қишлоғининг бир намунасини ташкил қилиш вилоят туризм бошқармаси томонидан илгари сурилган бўлса, вилоят ҳокимлиги бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, маблағ ажратди. Натижада ўтган йили мамлакатимизда илк бор ўзига хос услубдаги туризм маскани фойдаланишга топширилди ва сайёҳларнинг эътиборини тортиб келмоқда.

Қоғоз ишлаб чиқарилиш жараёнидан сўнг ариқ бўйлаб йўлакчалар, қадим услубда, замонавий тарзда бунёд этилган айвонлар, шу атрофдаги уйлар бир-бирига уйғунлашиб кетган. Сув йўли бўйлаб борар экансиз, қоғоз ишлаб чиқариш биноси ёнидаги каби яна бир тегирмонга дуч келасиз. Бу тегирмоннинг вазифаси бошқачароқ: у ёғ чиқариш учун махсус тошни айлантиради. Электрсиз, фақат сув ҳаракати билан ишлайдиган тегирмондан зиғир, кунжут, чигитдан ёғ олиш мумкин.

-  Табиий тегирмондан олинадиган ёғ фойдалилиги билан ажралиб туради, - дейди Санжар Мухторов. – Электр тегирмонлар ёрдамида 10 кило чигитдан 5-6 кило ёғ олинса-да, ушбу тегирмон ёрдамида бу вазн 3-4 килони ташкил этади.

Ариқ бўйлаб, йўлакчаларда саёҳатни давом эттираркансиз, оддий қишлоқ уйлари, ҳунармандларнинг манзилларига дуч келасиз. Кейинги тегирмон эса буғдойни унга айлантиришда ёрдам беради. Умуман, ушбу қишлоқ оралаб юраркансиз, шовуллаб оқаётган ариқдаги тегирмон, чархпалаклар кўнглингизга аллақандай завқ бағишлайди. Ариқдан бир маромда оқаётган сув, сокин муҳит, ҳунармандларнинг тақ-туқи, қушларнинг чуғури, аллақаёқдан тандирга қаланаётган ўтиннинг ҳиди қоришиқ муҳит сизга ўзгача кайфият бағишлайди.

Тегирмонлардан ўтиб, йўлак бўйлаб, сандиқсоз устанинг дарчасини тақиллатамиз.

- Отам, бобом дурадгорлик билан шуғулланган, - дейди сандиқсоз уста Мансур Сафаров. – Мен бешик ясаш билан шуғулланаман. Иложи борича бу ишимда электр ускуналаридан эмас, ота-боболарим ишлатган асбобларни қўллашга ҳаракат қиламан.

Табиий усулда шоли тозалаш

Кейинги тегирмоннинг ҳаракати ёрдамида шоли пўчоғидан ажратилиб, гуруч ҳолига келтирилади.

-  Тўғри, ушбу гуруч бозорлардаги сингари чиройли кўринишга эга эмасдир, аммо унинг таъми электр ускуналари ёрдамида тозаланган гуручникидан фарқ қилади, - дейди шоли тозалашда ота-боболари ишини давом эттираётган Наим Жамолов. – Қишлоғимиз аҳолиси азал-азалдан шоли экиш билан шуғулланади. Об-ҳавоси, табиати, сув бўйида жойлашгани учун шоли етиштиришда қулай шароитга эга. Конигил гуручини излаб келадиганлар бор бошқа вилоятлардан.

Дарвоқе, Наим аканинг ўғли, невараси ҳам шу иш билан шуғулланади. Шоли тегирмонини ота-боболари ишлатган бўлса, ундан олдинроқ шу мақсадда қўлланилган келини ҳам кўриш мумкин.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Конигил туризм қишлоғи бўйлаб саёҳатни давом эттирар экансиз, сандиқсоз, заргар, новвой ва бошқа кўплаб ҳунармандларнинг уйларига дуч келасиз. Дарвоқе, ушбу уйлар сиз ўйлагандек, замонавий ишоотлар эмас, оддий қишлоқ уйлари. Қишлоқ ҳудудида wi fi ўрнатилган. 20 та оилавий уй меҳмонхонлари, 15 дан зиёд ҳунармандчилик устахоналари, сувинер дўконлар, миллий овқатланиш нуқталари, новвойхона, томорқа хўжаликлари ҳам айнан Конигил туризм қишлоғи масканидан ўрин олган.

Қишлоқ кенгаяди

Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти маълумотларига кўра, бу ишлар  ҳали ҳаммаси эмас. Ҳудудда иккинчи ва учинчи босқич ишлар амалга оширилиши ҳам режалаштирилган экан. Хусусан, Сиёб ариғи бўйлаб 2,2 км., Оби Раҳмат ариғи бўйлаб 1,3 км., жами 3,5 км. узунликда янги йўналиш ташкил этилиб, унинг умумий майдони 7,1 гектарни ташкил этади. Ушбу босқичда 100 дан ортиқ туристик объектлар ташкил этилади (хусусан, меҳмонхоналар, ҳунармандчилик устахоналари, сувинер дўконлари, овқатланиш нуқталари, кўнгилочар масканлар, дам олиш масканлари) 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу босқичдаги ишларнинг аҳамиятли томони шундаки, қишлоқнинг бир томони Чўпонота масканига, яна бир томони эса Самарқандда қурилаётган “Абадий шаҳар” туристик марказига уланиб кетади. Бу эса туризм ривожида вилоятда яна бир янги, алоҳида йўналиш ташкил этилаётгани, сайёҳларни қадим Самарқандда олиб қолиш учун яна бир шароит яратилаётганидан дарак беради.

Дарвоқе, туризм мавсуми бошланганидан буён бу ердаги барча ҳунармандчилик уйлари ўз фаолиятини кўрсатиб, туризм қишлоғи яна жонланиб қолди. Унга кириш чиптаси ўн минг сўмни ташкил этади.

Гулруҳ Мўминова.