Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалигида экотуризм объектлари ташкил қилинади

Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги бўлимида “Ҳудудларда ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш” мавзусида семинар ташкил қилинди.

Унда вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси мутасаддилари, туманлардаги мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари аввал ўрмон хўжалигида ташкил қилинган кўчатхоналар ва ниҳолхоналар билан танишди. Бу ерда парваришланаётган мевали ва манзарали кўчат турлари ҳамда уларни ўрмон хўжаликларида ривожлантириш ҳақида фикр алмашди.

- Ушбу семинар тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди, - дейди туман ўрмон хўжалиги раҳбари Алишер Худойбердиев. – Яшил макон доирасида амалга оширилаётган бу амалий тадбирлар ўрмон хўжаликларининг кенгайиши ва турларнинг бойишида муҳим аҳамиятга эга.  Бугунги кунда хўжалигимизда 26 гектар майдонга павловния ва тез ўсувчи дарахтлардан ўрмонзорлар барпо қилдик. Ҳозирда 80 минг дона павловния ниҳоллари парваришлаяпмиз. Хўжалик инфратузилмасини яхшилаш мақсадида мини юк автомашиналари, техникалар ва жиҳозлар олиб келдик. 

Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалигини янада ривожлантириш бўйича келгуси беш йилликда хўжаликнинг даромадларини ошириш мақсадида экотуризм, ўрмон барпо қилиш, кўчатчилик, асаларичилик, балиқчилик ва боғдорчилик соҳаларини кенгайтириш ва ривожлантириш кўзда тутилган.