Тоғли Қорабоғда Соҳибқирон қурдирган иншоотлар, боғлар бугун ҳам бор
Халқаро Амир Темур фонди раиси, профессор Қўзибой Мамараимовнинг тарихий манбаларга таяниб айтишича, Амир Темур 1401 йилда Румга юриши олдидан Озарбайжон ҳудудидаги Қорабоғда қишлаб қолади ва Арас (Аракс) дарёсидан боғларни суғориш учун ариқ қаздиради.
Мазкур ободончилик ишларини Шарафиддин Али Яздий қуйидагича баён қилган: “Ўтган подшоҳлардан баъзилари Арас атрофидаги чўлларда дарёлар, ариқлар қаздирган эди. Замонлар ўтиши билан у ариқлар бузилиб, бутунлай кўмилиб кетганди. Соҳибқирон кўрсатмасига кўра, ушбу ариқларни қайтадан қуриш тавочилар, амирлар ва аскарларга тақсимлаб берилди”.
Ҳозир ҳам Қорабоғда Амир Темур бошчилик қилган баъзи қурилиш иншоотлари, боғлар мавжуд. Низомиддин Шомийнинг ёзишича, ўша пайтда Гилон ва Мазандарон (Каспий) денгизигача етиб борадиган дарёлар қаздирилган.
Шомийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, “Соҳибқирон Эрон, Турон мамлакатларида машҳур иморатлар қурган. Эронда биздан ёдгорлик қолган”.
Амир Темурда Бийлокент ерида бир шаҳар бино қилиш мақсади пайдо бўлади ва қурилиш ишларини бошлайди ҳамда чўлда шаҳар барпо этади. Шунингдек, 1403 йил амирларни йиғиб, ислом дини, илм-фан марказларидан бири бўлган Боғдодни обод қилиш учун фармон беради.
Соҳибқироннинг ободончилик бобида қилган ишлари вафотидан кейин ҳам тўхтаб қолмади. Унинг авлодлари темурийлар сулоласи учун анъанага айланган қурилиш-ободончилик ишларини давом эттирди, бир қанча эътиборга молик иншоотлар қад ростлади, Зарафшон дарёси атрофида боғлар, гулзорлар барпо этилди.