Толибонлар: Афғонистон бўйича "Москва формати"нинг учинчи учрашуви қандай натижа берди?
Россия пойтахтида Афғонистон бўйича «Москва формати»нинг учинчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар беради РИА Новости.
Учрашувда минтақа вакиллари ва Афғонистон ҳукумати раҳбари Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги Толибон ҳаракати делегацияси иштирок этди. Форум ишида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашди.
"Толибон" ҳаракати ўтган учрашувни жуда яхши, дўстона муҳитда ўтди, деб ҳисоблайди, деди учрашувдан кейин Абдул Салам Ҳанафий.
Учрашувда толибонлар ҳукуматни қўлга киритганидан кейинги Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият, шунингдек гуманитар кўмак ва инклюзив ҳукумат тузилиши асосий масалалар бўлди.
Абдул Салам Ҳанафий Афғонистонда аллақачон инклюзив ҳукумат тузилганини билдирди.
"Афғонистон билан янги воқеликни – янги ҳукумат - Толибонлар ҳаракатини ҳамжамият расман тан олишидан қатъи назар ҳисобга олган ҳолда кейинги ўзаро амалий боғланиш керак», дейилади учрашув якунлари бўйича қабул қилиш режалаштирилган қўшма баёнотда.
Эслатиб ўтамиз: Афғонистон бўйича маслаҳатлашув «Москва формати» 2017 йил апрель ойида ташкил этилган. У Афғонистондаги вазиятни ҳал бўлишига қизиқиш билдирган 11 мамлакатни бирлаштиради. Россия, Афғонистон, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон. Россия Федерацияси анъанавий равишда АҚШни ҳам «Москва формати»га таклиф қилган эди. Лекин Вашингтон барча учрашувларда қатнашмади. «Москва формати»даги охирги учрашув 2018 йил сентябрь ойида бўлиб ўтди.