Тўрт фарзанд билан қолган она алимент пулини ундиролмаяпти

«Пайариқ тумани МИБ ходимларининг ҳаракатсизлиги, ўз хизмат вазифаларига юзаки ёндашаётгани туфайли бормаган идорам қолмади. Турмуш ўртоғим тўрт нафар фарзандидан ҳол сўрамагани учун ҳам алимент ундириш бўйича мурожаат қилдим. Мана, шу йилнинг январь ойидан бошлаб ота уйимда яшаяпман. МИБга қатнайвериб, охири 1 миллион 400 минг сўмни зўрға олдик. Бир неча марта прокуратурага ва бошқа идораларга алиментни ўз вақтида ундириб бериш бўйича хат ёздим. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан яқинда шундай мактуб олдим.

«Сизнинг суд қарори ижроси таъминланмаётгани юзасидан йўллаган мурожаатингиз Бюронинг фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими томонидан кўриб чиқилди. Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти Пайариқ туманлараро судининг 2019 йил 3 июлдаги қарздор Б.Тўраевдан сизнинг фойдангизга тўрт нафар вояга етмаган фарзандларингиз таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ½ (иккидан бир) қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича Бюронинг Пайариқ туман бўлимида ижро иши юритилган.

Мазкур ижро иши юзасидан қарздорнинг мулкий ҳолатини аниқлаш мақсадида ваколатли органларга сўровномалар юборилган бўлиб, олинган жавоб хатларига кўра, унга тегишли ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулклар мавжуд эмаслиги аниқланган ҳамда 2019 йилнинг 14 октябрида қарздорнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздордан жорий йилнинг август ойига қадар жами 7 миллион сўм миқдорида алимент пуллари фойдангизга ундириб берилгани маълум бўлди».
Ушбу хат келгач, югур-югурлардан сўнггина яна 3 миллиондан ортиқроқ пулни олдим. Мажбурий ижро бюроси эса 7 миллион пул ундирилган, деб ёзмоқда. Тўрт боламни боқиш, кийинтириш, бирига доимий равишда дори-дармонлар олишим керак. Шунинг учун пулга муҳтожлигимиздан уни талаб қилишга мажбур бўляпман. Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига бормаган куним йўқ. Ҳар сафар қуруқ ваъдалар, баъзида дакки эшитиб келаман.
Билишимча, алимент тўламаган оталар жавобгарликка тортилмоқда. Аммо фарзандларимнинг отасига бундай чора қўлланилгани йўқ. Эҳтимол, шунинг учун ундирув қийин кечаётгандир».

Дилшода ТЎРАЕВА,
Пайариқ тумани, Хўжаобод маҳалласи.