Тўй ўтказиш тартибини бузганлик учун жарима миқдори белгиланди
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-612-сон, 17.03.2020 йил) Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қонун билан қатор қонунлар ва кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказувчи шахс томонидан мазкур тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, тўйхоналар, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахси томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя этмаслик БҲМнинг 30 баравари (6 миллион 690 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар эгаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 50 баравари (11 миллион 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур тартиб Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, амалга киритилади.