Тўйдан қолган қарз – бахтли ва фаровон ҳаётга тўсиқ

Тўй – халқимиз ҳаётидаги энг катта қувонч, фарзандларини улғайтираётган ота-онанинг йиллар давомида орзиқиб кутган кунларидан бири. Илгари тўйларимиз содда, самимий ва халқона ўтарди. Одамлар дастурхонга топганини қўярди. Қўни-қўшнилар қўлдан келганича ёрдам қиларди. Аммо кейинги йилларда дабдаба, ортиқча исроф ва кераксиз сарф-харажатлар тўйнинг асосий белгисига айланиб қолди. Бу эса айрим оилалар учун оғир юк - қарзга ботиш ва кейинги ҳаётдаги қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу боис тўйларни ихчамлаштириш масаласи жамиятимизда тобора кўпроқ муҳокама қилиняпти.

Биз фаолият олиб борадиган СамДЧТИда таҳсил олаётган ёшларнинг аксарияти хотин-қизлардан иборат. Уларнинг кўпчилиги талабалик даврида турмуш қуриб, оила ҳаётини бошлайди. Яқинда бундан уч йил аввал турмушга чиққан, айни пайтда битирувчи босқичда ўқиётган бир қиз билан суҳбатлашдим. У ўз тўйи ҳақида гапириб берди:

— Қайнотам тўйимиз учун 16 та қўй, 2 та эчки ва 2 та қорамол сўйган экан. Бир наввоснинг гўшти наҳор оши учун ишлатилган, қолгани эса кечки зиёфат учун тўйхонага олиб борилган. Мен тушган хонадон олис қишлоқда жойлашган. Бу қишлоқнинг одати шунақа бўлса керак деб ўйлагандим, аммо тўй учун сарфланган бошқа ҳаражатларни ҳам эшитиб, ростини айтсам, музлаб қолдим. Кечки базм учун тўйхонага фақат гўшт ва спиртли ичимликлардан ташқари ҳеч нарса олиб борилмаган, лекин 60 миллион сўм тўланган. Бу кимлар учун арзимас пулдир, аммо мен учун катта сумма эди. Ўшанда ўйлаб қолдим: эсиз, шунча маблағни янги бир уйнинг бошланғич тўловига ёки бошқа бир фойдали иш учун сарфласа бўларди-ку. Янаям ачинарлиси, бу кредит экан.

Ундан қайнотаси нима иш билан шуғулланишини сўрадим.

— Яхшироқ ишда ишларди, – деди у. – Тўйдан сал ўтиб, пенсияга чиқди. Шундан кейин барча қарз эримнинг бўйнига тушди. Оқибатда тўй бошланган вақтида пули йўқ бўлгани учун ўғлининг номига 30 миллион сўм кредит олинган, яна шунча миқдордаги микроқарз катта куёвининг номига расмийлаштирилган. Турмуш ўртоғим ойига 3 миллион сўм маош оладиган ишда ишларди. Рўзғордан орттириб, ўзининг ҳам, поччасининг ҳам номидаги қарзни тўлаш қийин бўлди. Бу ҳолат орамизда келишмовчиликларга сабаб бўлди. Опаси ва поччасининг оиласида ҳам тинчлик йўқолди. Поччанинг номидаги қарзни ёпиш учун яна катта фоизли кредит олишга мажбур бўлдик. Мана, уч йилдирки, тўйга олинган қарздан қутула олмай юрибмиз. Баъзида ўқишимни “музлатиб”, ишлаш ҳақида ҳам ўйлаб қоламан, аммо турмуш ўртоғим бунга рози бўлмайди. Мени ўйлантирадиган яна бир ҳолат — ўзимнинг ота-онам ҳам тўйимиз олдидан 20 миллион сўм микроқарз олишган эди. Улар нима қилди экан? Шу пайтгача улардан бу ҳақда сўраш хаёлимга ҳам келмаган…

Бу ҳикоянинг ўзиёқ катта ҳақиқатни кўрсатиб турибди: дабдаба билан қилинган тўй баъзан бахтдан кўра кўпроқ ташвиш келтиради. Тўй аслида янги ҳаётнинг бошланиши, ёш оиланинг бахтли кунлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиши керак. Аммо ортиқча исроф, кераксиз дабдаба ва кредитлар сабабли баъзи оилалар қарз ва тушкунликка ботиб қоляпти.

Ихчам тўй ўтказиш эса оилаларга енгиллик бериб, ортиқча харажат ва қарз-қуруздан асрайди. Иқтисод қилинган маблағни уй-жой, фарзандлар таълими ёки оиланинг келажагига йўналтириш мумкин. Тўйнинг мазмуни дабдабада эмас, балки самимий қувонч улашиш ва яқинлар билан бахтни баҳам кўришдадир. Меҳмонлар сони кам бўлса ҳам, тўйдаги самимийлик ва хотиржамлик уни минглаб одам йиғилган дабдабали маросимдан ҳам қимматли қилади.

Дилноза Бўронова.