Трактор ва юк машинаси иштирокидаги ЙТҲда она ва бола қурбон бўлди
Кеча, 17 сентябрь куни соат 20:30 да ҳайдовчи, 35 ёшли Х.Т. “Hyundai porter” русумли автомашинани бошқариб, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган М-39 “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ош” автомобиль йўлининг 153-километрида Ангрен шаҳри йўналишидан Тошкент шаҳри йўналишига қараб ҳаракатланиб бориб, ўзи билан бир йўналишда чапга қайрилиш учун (рухсат этилган жойда) тўхтаб турган ҳайдовчи, 49 ёшли Б.У. бошқарувидаги “Т-28” русумли тракторнинг тиркамасига келиб урилган.
Оқибатда “Hyundai porter” автомашинасининг йўловчилари, яъни ҳайдовчи Х.Т.нинг турмуш ўртоғи 32 ёшли С.Т. (аёл) тан жароҳатлари олиб ходиса жойида ҳамда вояга етмаган 5 ойлик қизи Б.Б. Оҳангарон тумани марказий шифохонасининг қабул бўлимига олиб келинган вақтда вафот этган. Бундан ташқари, Х.Т. ва унинг ўғиллари - 12 ёшли Б.Б., 10 ёшли У.Б. ва 7 ёшли Х.Б.лар турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда жиноят иши вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувига олинган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.