Трамп Эронга уруш бошлаш ҳақидаги қарорини сўнгги дақиқаларда бекор қилди
Уммон қўлтиғида Эрон томонидан АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппарати уриб туширилгандан сўнг Трампнинг қаттиқ жаҳли чиққан ва АҚШ қуролли кучларига Форс кўрфазидаги барча ҳарбий техникаларни жанговор шай ҳолга келтириш ва Эронга ҳужум бошлаш ҳақидаги буйруғини кутишни буюрган.
Шундан сўнг ҳужум бошлаш белгиланган вақтга саноқли дақиқалар қолганда Трамп ўз буйруғини бекор қилган ва Форс кўрфазидаги қўшинларнинг, ҳарбий техникаларнинг жанговор шай бўлиш ҳолатини бекор қилиш ҳақида буйруқ берган. Бу ҳақда The New York Times хабар бераяпти.
"Расмий шахсларнинг бизга маълум қилишларича, Трамп жанговор шайлик ҳақида буйруқ берганида Форс кўрфазидаги барча техникалар жанговор шай ҳолатга келтирилиб, улар Эронга ҳужум бошлаш ҳақидаги буйруқни кутаётган бўлишган. Қирувчи ва бомбардимончи самолётлар ҳавога кўтарилган. Кемалар Эрондаги турли обеъктларни нишонга олишган. Буйруқ бекор қилинганидан сўнг улар бошланғич манзилларига қайтишган.
АҚШнинг ўзида эса буйруқдан хабари бор конгрессменлар, сенаторлар, Пентагон раҳбарияти, турли юқори мансабли амалдорлари АҚШнинг Эронга ҳужум бошлашини кутишган. Охирида эса Трамп урушнинг оқибатларини ўйлаб қарорини сўнгги дақиқаларда бекор қилди", деб ёзади нашр.