Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Транспорт бошқармаси йўловчиларга қонуний фаолият олиб бораётган автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тавсия қилди

Кейинги вақтларда йўл кира нархларининг баъзи ҳайдовчилар томонидан сунъий равишда оширилиши аҳоли ўртасидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кимдир ҳайдовчини оқласа, яна кимдир йўловчи тарафида. Баъзилар бунга асл сабабчи қилиб транспорт бошқармасини кўрсатишади. Ўзимизни оқлаш ниятимиз йўқ. Шунчаки, масаланинг моҳиятига эътибор қаратмоқчимиз.

Ташувларда белгиланган нархлар борасида Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрда “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори бўйича йўналишсиз таксиларнинг йўловчиларни ташиш ва багажни ташиш тарифлари миқдори ташувчи томонидан белгиланади. Албатта, қарорнинг ушбу банди йўналишсиз таксиларга тегишли.

Йўналишли такси ва шаҳар атрофи йўналишида қатновчи автобуслар нархи эса ташувчилар томонидан берилган таклифлар асосида шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида йўловчи ташишни ташкил этиш комиссияси томонидан белгиланади. Шу ўринда бемалол айтиш мумкин, Самарқанд шаҳрини туман марказлари билан боғловчи йўналишларда қатновчи автобус ва микроавтобуслар нархи бир меьёрда, белгиланган нарх асосида қатнамоқда.

Ҳозирги кунда Булунғур тумани автобошбекатидан Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи Зинда” автобошбекати оралиғида “Булунғур автойўловчи транс” МЧЖга қарашли 8 та автобус 316 – “Шоҳи Зинда АББ - Булунғур АББ” (нархи 2000 сўм) ҳамда “Булунғур Лазиз транс” МЧЖга қарашли 20 та микроавтобус 316 В “Шоҳи Зинда АББ - Булунғур АББ” (нархи 5000 сўм) йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу йўналишларда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларидан бирини танлаган ҳолда манзилга арзон нархда етиб олиш мумкин. Вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан ушбу йўналишларда хизмат кўрсатувчи автотранспорт воситалари лицензия талаб ва шартларига амал қилиши юзасидан доимий тартибда назорат қилинмоқда.

Ҳозирги кунда ноқонуний йўловчи ташиш фаолиятини олиб бораётган ҳайдовчиларга қарши кураш борасида ҳам белгиланган жадвал асосида рейд ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи давомида 2 864 та ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судларга жўнатилган. Шундан 600 нафар ҳайдовчи олиб борилган тушунтиришлардан сўнг фаолиятини қонунийлаштирган.

Шу ўринда яна бир гап, вилоят транспорт бошқармасининг шахсий таркиби чекланган. Бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туман шаҳарларида назорат олиб боришнинг имкони йўқ. Шунинг учун жамоатчилик назорати ҳам муҳим.

Эслатиб ўтамиз, вилоят транспорт бошқармаси барча йўловчилардан қонуний фаолият олиб бораётган автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тавсия қилади ва ноқонуний йўловчи ташувчи автомобиллар хизматидан фойдаланмасликка чақиради.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.