Туркий тилли мамлакатлар ёш ижодкорлари

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ёшлар иттифоқи, ёш ижодкорлар кенгаши ҳамкорлигида туркий халқлар ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва ўзбекистонлик иқтидорли ёш ижодкорлар иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Хуршид Даврон ва бошқалар туркий тилли мамлакатлар раҳбарлари раҳнамолигида умумтуркий миллатлар адабиёти, маънавиятини ривожлантириш, ижодкорларни, айниқса, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

Ижод оламига энди қадам қўйган кезларимиз бундай анжуманларда қатнашганмиз, – дейди Усмон Азим. – Туркий тилли ижодкорлар йиғилган ушбу йиғинларда уйғур, татар, қозоқ ёки қирғиз адиблари, шоирлари ижодидан доим бохабар бўлиб келганмиз. Орада чорак аср бир-биримизнинг ижодимиздан бебаҳра яшадик, ўз билганимизча ижод қилдик. Бугун эса нафақат ижтимоий-иқтисодий соҳада, балки ижод оламида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти яратилмоқда.

Анжуман доирасида иштирокчиларнинг вилоятимиздаги тарихий-меъморий обидалар ва қадамжолар бўйлаб саёҳати, таниқли ўзбек ижодкорлари иштирокида маҳорат дарслари, жойларда қардош халқлар ёш вакилларининг ижод намуналари асосида шеърият кечалари уюштирилиши режалаштирилган.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.