Танамиз ҳақида биз билмаган қизиқарли маълумотлар

Табиатдаги барча нарса каби инсон танаси мукаммал яратилиши ва ишлаши билан ҳайратимизни уйғотади. У 100 триллион ҳужайра, 22 ички орган ва миядан келган буйруқларни бажарадиган 640 мушакдан иборат.
Ушбу мақолада, танамиз, шунингдек, унинг баъзи хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.
Инсон танаси 60 фоиз тана бўйлаб нотекис тақсимланган сувдан иборат. Ёғли тўқималарда 20 фоиз, суякларда 25 фоиз, жигарда 70 фоиз, мушакларда 75 фоиз, қонда 80 фоиз ва мияда 85 фоиз сув бор. Бу ерда гап нафақат сувнинг миқдори, балки унинг “қадоқлангани” ҳақида кетмоқда.
Танамизни ташкил этувчи элементлар қаторида энг муҳим роль кислород, углерод ва водородга берилган. Катта ёшли одам танасида уларнинг тахминан 70 килограмми бор. Бундан ташқари, суяк таркибига кирадиган ва унинг кучини таъминлаб берадиган вазни деярли 2 килограммга тенг жуда кўп кальций ва фосфор, бир неча ўн грамм миқдорда калий, олтингугурт, натрий, хлор ҳамда гемоглобиннинг бир қисми ҳисобланадиган 6 грамм темир мавжуд.
Тинч ҳолатдаги одам кунига бир дақиқада 12-20 марта нафас олиб ва чиқариб, 400-500 литр кислород истеъмол қилади.
Таққослаш учун: отнинг нафас олиш тезлиги дақиқада 12, каламушники 60, канарейканики 108 та.
Катта одам юраги кунига тахминан 10 минг литргача қонни ҳайдайди. Бир зарбада аортага тахминан 130 миллилитр қон чиқарилади. Тинч ҳолатдаги томирнинг нормал тезлиги дақиқада 60-80 уришни ташкил қилади, аёлларнинг юраги эркакларникига қараганда дақиқада 6-8 марта тезроқ уради. Оғир жисмоний зўриқиш пайтида юрак уриш тезлиги дақиқада 200 марта ёки ундан кўпроқ тезлашиши мумкин.
Таққослаш учун: филнинг юрак уриш тезлиги дақиқада 20, буқада 25, қурбақа (совуқ қонли ҳайвон)да 30, қуёнда 200, сичқончада дақиқасига 500 зарбадан иборат.
Инсон танасидаги қон томирларининг умумий узунлиги тахминан 100 минг километрни ташкил қилади. Ҳар бир қизил қон ҳужайрасида 270 миллион гемоглобин молекуласи бор.
Катта ёшли одамнинг суяк илиги ўртача 2600 граммни ташкил қилади. 70 йиллик ҳаёт давомида у 650 килограмм эритроцит ва бир тонна лейкоцитларини ишлаб чиқаради.
Барча нейронларнинг ярмидан кўпи мия ярим шарларида тўпланган. Бош мия қобиғининг умумий майдони 1468 дан 1670 квадрат сантиметргача бўлиши мумкин. Бир дақиқада мия орқали 740-750 миллилитр қон оқиб ўтади.
Инсон кўзи 130-250 соф ранг оҳанглари ва 5-10 миллион аралаш ранг турларини ажрата олади. Кўзларимиз йилига 10 миллион мартадан кўпроқ милтиллайди. Аёллар эркакларга қараганда икки баравар кўпроқ кўз очиб юмади.
Бошдаги сочларнинг ўртача сони: сарғиш сочлиларда - 140 минг, қора сочлиларда - 102 минг, жигарранг сочлиларда - 109 минг, қизил сочлиларда - 88 минг. Сочлар кунига 0,35-0,40 миллиметр тезликда ўсади.
Инсон танасидаги энг кучли мушак тил бўлиб, унда 900 га яқин таъм сезиш рецепторлари мавжуд. 5 квадрат сантиметр жойни эгаллайдиган буруннинг ҳид билиш зонасида бир миллионга яқин ҳид билиш нерв толалари жойлашган. Ҳид ҳисси пайдо бўлиши учун камида 40 та нерв толалари ишга тушиши лозим.
Қўл тирноқлари кунига 0,086 миллиметрга, оёқ тирноқлари эса 0,05 миллиметрга ўсади. Ҳар йили бармоқларда тахминан икки граммдан ортиқ тирноқ ўсади. Энг тез ўсадигани ўрта бармоқдаги тирноқ.
Тана вазнининг 1 фоизига тенг сув йўқотилиши чанқоқлик ҳиссини келтириб чиқаради. 5 фоиздан ортиқ намлик йўқотилса, одамни ҳушидан кетишга, 10 фоиздан кўпроғи эса сувсизланишдан ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.
Ва ниҳоят, табассум қилиш учун 17 та, қовоқ солиш учун эса 43 та мушак ишга тушишини билармидингиз? Шу сабабли ажинларни камайтириш ва кайфиятингизни ошириш учун тез-тез табассум қилиб туринг... Бу фойдали!
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.