Туркия: 2016 йил 15 июль воқеаси қурбонлари ёдга олинди
Бундан роппа-роса 8 йил олдин Туркия Республикасида Фетуллоҳчи террор ташкилоти, яъни ФЕТО томонидан ҳарбий тўнтариш амалга оширишга уриниш кузатилган эди.
Конституцияга зид равишда ҳаракатланган террор ташкилоти аъзолари Президент Режеп Тойиб Эрдоғанга суиқасд уюштириб, мамлакатда ҳарбий ҳукумат ўрнатишни мақсад қилган.
Бироқ Туркия халқи бу воқеаларга қарши бирлашган ва фитна амалга ошмаган, мамлакатнинг демократик давлат тузуми сақлаб қолинган.
Шу сабабли Туркия халқи ва мамлакатнинг хорижий давлатлардаги идоралари ҳар йили 15 июлни "Демократик ва миллий бирлашиш" куни сифатида ёдга олади ва нишонлайди.
Самарқанд шаҳридаги Туркия Республикасининг бош консулхонасида ушбу сана муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга ҳокимлик вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда айни пайтда Самарқандда яшаётган ва фаолият юритаётган Туркия фуқароларининг бир гуруҳи таклиф этилди.
– 2016 йил 15 июль куни ФЕТО томонидан Туркия миллий мажлисига биносига ҳужум уюштирилиши, Анқара ва бошқа йирик шаҳарларда кўчалар, турли бино ва иншоотларнинг эгаллаб олиниши аҳолини саросимага солган эди, – дейди Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер. – Ўшанда Президент телевидение орқали тўғридан-тўғри чиқиш қилиб, халқни бирдамликка, мамлакатдаги демократик тузумни сақлашга, бунинг учун кўчага чиқишга даъват этди. Мана шу даъват ва Туркия халқининг бирдамлиги туфайли ёвуз кучларнинг қабиҳ ниятлари амалга ошмади. Кейинчалик бу ташкилот ва унинг хориждаги вакиллари ҳам Туркияга депортация қилиниб, жавобгарликка тортилди. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлатлар ФЕТОни террорчи ташкилот, деб эълон қилди.
Тадбирда ҳарбий тўнтаришга қилинган ҳаракат билан боғлиқ воқеалар акс этган суратлар намойиш этилди, қурбонлар ёдга олинди.