Туркия Суриядаги операцияга тайёр, позициялар эгалланмоқда
Туркия ҳарбийлари Сурия шимолида тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзоларига қарши операция ўтказиш учун жанговар позицияларни эгаллади. Бу ҳақда Sabah газетасига таяниб, “РИА Новости” хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Туркия қуролли кучлари Сурия миллий армияси билан ҳамкорликда ҳаракат қилмоқда. “Манбиж ва Тель-Рифат шаҳар марказларида ҳам фаоллик бор”, дейди газета мухбири.
Қайд этилишича, Туркия томони “террорчи унсурларга қарши” операция ўтказишга тайёргарлик кўраётган вақтда АҚШ Қуролли кучлари КИП аъзолари билан бирлашган патруль хизматини ўтказган. Газетанинг ёзишича, Манбиж ва Тель-Рифат шаҳар марказларида КИП қуролли гуруҳлари шаҳарга кириш-чиқиш ва майдонларда катта назорат пунктлари ўрнатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Қуролли кучлари ва Сурия эркин армияси ҳарбийлари Сурияда янги операцияга тайёргарлик ишларини якунлагани маълум бўлди. Қайд этилишича, турк ҳарбийлари Тель-Рифат ва Манбиж шаҳарлари атрофида жанговар позицияларни эгаллаб, террорчи гуруҳ позицияларини ўққа тутмоқда. Ҳарбий операция Тель-Рифат ва Манбижда бир вақтда амалга оширилади. Унинг нишони аллақачон маълум.
Аввалроқ Туркиянинг Раққа шаҳри шимолий чеккаси – Айн-Исса ҳудудидаги ҳарбий операцияси Москва ва Анқара муҳокамасида бўлган эди. Россия томони бу қадамни маъқулламагани сабабли Туркия жангларга тайёргарликни тўхтатишга мажбур бўлган.