Туркияда ҳоким тайёрлайдиган академия бор
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан 2021 йил якунида бир гуруҳ давлат хизматчилари бошқарув тизими бўйича малака ошириш мақсадида Туркияда хизмат сафарида бўлди.
Юртимиздаги энг ёш ҳокимлардан бири, Нарпай тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Шерзод Раҳмонов ҳам ушбу гуруҳ таркибида қардош давлатдаги маҳаллий бошқарув органлари фаолияти билан танишиб келди. Ш.Раҳмонов билан боғланиб, сафар таассуротлари ҳақида сўрадик.
– Яхши биласиз, Президентимиз кейинги пайтда ҳар бир маърузаларида, раҳбарлар ва фаоллар билан учрашувларида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, уни халқчил тузилмага айлантириш бўйича фикрларини билдиряптилар, – дейди Ш.Раҳмонов. – Давлат хизматчиларининг касб ва малакаси, аҳоли билан ишлаш кўникмасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу асосида кадрлар танлаш ва жой-жойига қўйишда, уларнинг малакасини оширишда янги тизимлар йўлга қўйилмоқда. Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилиши бу борада, айниқса, катта қадам бўлди. Туркияга хизмат сафаримиз ҳам мазкур агентлик томонидан давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон-Туркия ҳукуматлараро комиссияси баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Туркия Республикаси Президентининг Инсон ресурслари офиси ҳамкорлигида уюштирилди.
– Нега айнан Туркияга сафар уюштирилди?
– Фақатгина Туркия эмас, давлат хизмати тизими ривожланган бошқа мамлакатлар тажрибаси ҳам ўрганилмоқда. Бизнинг гуруҳимиз ушбу мамлакат тажрибаси билан танишди.
Бугунги кунда Туркияда Европа ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси асосида давлат хизмати бўйича катта тажриба тўпланган. Яна бир муҳим жиҳат, Туркия барча соҳаларда мамлакатимизнинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Биз Анқара, Истанбул ва Конияда бўлдик, бу ҳудудларнинг бошқарув тизими билан танишдик. Туркия Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси, Ички ишлар вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги фаолияти бўйича маълумотларга эга бўлдик.
Шахсан мен туман ҳокимликлари, улардаги бошқарув тизими билан кўпроқ қизиқдим. Туркияда вилоят, туманни бошқариш, яъни бизнинг тушунчамизда ҳоким бўлиш учун олий таълимдан сўнг, Ички ишлар вазирлиги академиясида уч йил таҳсил олиш керак экан. Бошқача айтганда, ҳоким бўлиш учун ўзингиз ўқиб, ўрганишингиз, келажагингизни шу билан боғлашингиз лозим. Ҳокимлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, уларни тайёрлаш, иши бўйича Президентга хулоса бериш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
– Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича биздаги Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясига ўхшар экан-да...
– Том маънода шундай. Лекин Туркия акдемиясида юқорида айтганимдек келажакда ҳоким бўлишни ният қилганлар ўқийди. Бизда эса барча соҳалар бўйича раҳбар кадрлар ўқиб, малака ошириши мумкин. Демоқчиманки, Президент академияси қамрови кенгроқ.
Уларда ҳам академияда ўқишга номзоднинг билими, дунёқараши, етакчилик қобилияти ва раҳбарлик учун бошқа зарур хислатлари ҳисобга олинади, белгиланган тартибда синовдан ўтказилади. Уч йиллик ўқиш давомида назарий билимлар билан бирга амалиёт ҳам чуқур ўргатилади. Яъни, шу даврда, масалан, икки йиллик ўқишдан кейин ҳокимликка бўлажак номзод уч ой бирор бир туманга бориб, амалдаги ҳоким билан бирга, дублёр сингари ишлайди, кейин яна уч ой вилоят ҳокими билан фаолият олиб боради. Бундан ташқари, ўн ойгача Европа ва Болтиқбўйи давлатларига тажриба ўрганиш учун юборилади.
Уч йиллик ўқиш ва амалиётдан кейин талабанинг билими, эгаллаган кўникмаси яна синовдан ўтказилади. Бу жараёнда энг юқори балл тўплаганлар 900 дан ортиқ тумандаги вакант ҳоким лавозимларидан бирини ўзи танлаб, ўша ерда иш бошлайди. Бошқалар эса қуръа ташлаш йўли билан вакант ҳокимлик лавозимларида ишлаш учун юборилади.
Туркияда ҳокимлик ваколат муддати уч йил экан. Уч йилдан сўнг улар Ички ишлар вазирлиги тавсияси асосида Президент томонидан вилоят ҳокимига ўринбосар, ёрдамчи ёки бошқа туманга раҳбарликка юборилади. Айримлари ўз иш жойида қолдирилиши ҳам мумкин.
– Раҳбарликка тайинлашда номзодларнинг ёши, тажрибаси ҳам инобатга олинар эканми?
– Биздаги каби демоқчисиз-да. Туркиялик ҳамкасбларимиз ҳам айнан шу масалага қизиқишди ва турли соҳаларда ишлаб, бошқарув бўйича малака ва тажрибага эга бўлган раҳбарларнинг ҳокимликка тайинланишини яхши қабул қилишди. Лекин уларда юқорида айтганимдек, академияни битирганидан сўнг билимига қараб ҳокимликка тайинлашади. Ёш, тажриба муҳим эмас. Туманлар раҳбарлари орасида ўттиз ёшга тўлмаганлари ҳам бор. Аммо Туркияда ҳокимлар ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудуд аҳолиси сонига қараб беш даражага бўлинар экан. Энг кам аҳоли яшайдиган туманлар ҳокимлари бешинчи даражали ҳисобланса, энг кўпи биринчи даражага эга бўлади. Уларга иш ҳақи тўлашда даражаси ва тажрибаси ҳисобга олинади. Ҳокимлик аппарати ходимлари ҳам аҳоли сони ва ҳудуднинг мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётидаги ўрнига қараб турлича бўлиши мумкин.
– Давлат хизмати бўйича яна қандай ижобий тажрибалар сизга маъқул келди?
– Эътиборимни тортган томонлардан бири мамлакатда давлат органлари ходимлари тўғрисидаги электрон база мавжудлиги бўлди. Айтишларича, улар бу тизимни уч йил давомида яратишибди. Унда мамлакатдаги 852 мингдан ортиқ давлат хизматчиси ҳақида маълумот мавжуд экан. Ушбу базадан ҳар бир ходимнинг иш фаолияти тўғрисида барча маълумотларни олиш мумкин.
Яна бир яхши тажриба – давлат хизматчилари учун онлайн малака ошириш тизими йўлга қўйилган. Ҳар бир бошқарув органи ходими ушбу платформа орқали билимларини мустаҳкамлаши мумкин. Кимнинг қачон ва қанча вақт давомида бу тизимдан фойдалангани, қайси мавзуларни ўргангани электрон тарзда қайд этиб борилади. Демоқчиманки, бошқа юмушлар билан банд бўла туриб, онлайн ўқишда эдим ёки малака оширдим, деб айтиб бўлмайди.
Умуман, хизмат сафаримиз давомида кўрганларимиз, танишганларимиз асосида ўз таклиф ва хулосаларимизни Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ёзиб бердик. Ўзимиз ҳам иш фаолиятимиз учун фойдали маълумот ва иш услубларини ўргандик. Бундай тажриба алмашувлар албатта, мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини бугунги кун талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш, давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ғолиб Ҳасанов суҳбатлашди.