Туркман меъморлари Самарқандда

Туркманистон Президенти ҳузуридаги Арқадағ шаҳри қурилиш давлат қўмитаси раиси Дерягелди Оразов бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлиб турибди.

Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. 

Шундан сўнг меҳмонлар Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими вазифасини  бажарувчи Адиз Бобоев билан учрашди. 

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ўзларини қизиқтирган йўналишларда мавжуд имкониятлар бўйича батафсил ахборот алмашишди.

– Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов апрель ойида Самарқандга ташрифи чоғида Самарқанддаги замонавий меъморчилик, туризм йўналишларида амалга оширилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратган эди, - деди мулоқот давомида Дерягелди Оразов. – Бизнинг ташрифимизнинг асосий мақсади йўлбошчимизнинг кўрсатмаларига асосан бу борадаги тажрибаларни ўрганишдан иборат. Саёҳатимиз давомида шаҳарнинг гўзал табиати, ўзига хос қурилиш архитектураси билан танишиб, Самарқанд кейинги йилларда истиқболли ислоҳотлар натижасида туб ўзгаришларга юз тутганига гувоҳ бўляпмиз. Бизнинг Арқадағ шаҳримиз ҳам “ақлли шаҳар” тамойили асосида барпо қилинган ва ҳар жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Бу ривожланиш жараёнини қадимдан ижтимоий-иқтисодий марказ сифатида дунё аҳли эътиборида бўлиб келган қадим кент билан боғлаш ҳар томонлама манфаатли бўлади, деб ўйламан.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, шаҳарсозлик ва қурилиш саноати ҳақида батафсил маълумот берди. 

“Боқий шаҳар” мажмуаси ва у ерда фаолият юритаётган уста ҳунармандлар фаолияти билан танишди, шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди.