Турмуш қуриш осон, уни сақлаш — санъат

Ҳозирги кунда ёшлар ўртасида ажримлар сонининг ошиб бораётгани жамият учун катта хавотирга айланмоқда. Бу муаммо нафақат оилавий бахтга, балки келажак авлоднинг руҳий ва ижтимоий тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Турли сабабларга кўра ажрашиб кетаётганлар — синглимиз, укамиз, қадрдонимиз, ё отасиз, ё онасиз қолган гўдаклар эса — набирамиз, жиянимиз, жигаримиз бўлиши мумкин-ку. Бу масала ҳар бир фуқарони ўйлантириши керак. Ҳар бир ажрим — бир уйда сўнган чироқ, бир боланинг боши узра ёмғир, бир жуфт қалбда қолган алам демакдир.

Биз фаолият юритадиган Самарқанд давлат чет тиллар институтида талабаларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг орасида эса, албатта, эрта турмуш қураётганлар ҳам учраб туради. Илк босқичларда ўқиб юрган кезлари турмушга чиққан қизлар эрта оила қуришнинг оқибатларини кейинчалик ўзлари ҳис қилади.

Бундан 3 йил аввал, бир талаба ёнимга келиб, дардини айтиб қолди. Ўшанда ҳали 4-босқич талабаси бўлса-да, 2 нафар фарзанднинг онаси бўлган. Куёвни ҳам танирдим. Ақллигина йигит эди.

— Домла, берган вазифаларингизни бажаролмадим, — деди у. — Оиламда муаммолар тиқилиб қолди. Турмуш ўртоғим деярли ҳар куни спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уйда жанжал қилишидан безор бўлдим. Қайнонам ҳам орамизга тушиб, мени уйидан кетишга мажбур қиляпти. Икки бола ҳам қўрқоқ бўлиб улғаяяпти. Ажрашмоқчиман. Ариза бердим.

— Турмуш қуриш осон, уни сақлаш — санъат, — дедим устоз сифатида маслаҳат бергим келиб. — Икки фарзандингизнинг отасиз қолиши яхшимас. Уларнинг келажаги учун ҳам оилани сақлаб қолишда санъатингизни кўрсатишингиз керак.

У ажрашиш қарорида қатъий туриб олганди. Маслаҳатларим фойда бермаслигини билиб, бир психолог дугонам билан таништириб қўйдим. Иккаласи нималарни гаплашганини билмадим-у, аммо ўша талаба институтни муваффақиятли тамомлаб, магистратурани Тошкентда ўқиди. Яқинда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кўриб қолдим, видео жойлаган экан. Унда ўша куёв ҳамда 2 фарзанди билан бахтли оила бўлиб, хорижда саёҳат қилиб юргани акс этган. Бу ҳолат менга совуқ кунда порлаган бир қуёшдек ҳузур бағишлади.

Истайманки, ажримлар эмас, сақланиб қолган оилалар сони ортиб борсин. Чунки ҳар бир сақланиб қолган оила — бу Ватанни сақлаб қолишнинг бошланғич нуқтасидир.

Шаҳло Шомуродова.