У ўзбек журналистикасида ўз феноменини яратган эди
Таниқли журналист Аҳмаджон Мухторов 1936 йил 23 февралда Самарқанд шаҳридаги Лолазор маҳалласида таваллуд топган.
Ўзбекистон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини “Зарафшон” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Кейинчалик таржимон, адабий ходим, бўлим бошлиғи, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
1973 йилда «Зарафшон» газетасига бош муҳаррир этиб тайинланган. 1986 йилдан «Қишлоқ ҳақиқати» ва «Сельская правда» газеталарига бош муҳаррир бўлган.
1991 йил 1 январдан “Халқ сўзи” газетаси асосчилари қаторида янги нашрнинг бош муҳаррири вазифасини бажаришга киришган.
А.Мухторов ўткир публицист, моҳир журналист ва етук таржимон сифатида ном қозонган.
2000 йилда вафот этди.
***
Қуйида «Ленин йўли» газетасининг 1961 йил 24 ноябрдаги сонида босилган Аҳмаджон Мухторовнинг арман шоири Наири Заряннинг шеъри таржимасини ўқийсиз.
Мартирос Сарьян устахонасида
Табаррук ва азиз жойларнинг доим
Зиёратгоҳ бўлур қайноқ қучоғи.
Мана – ота уйи, сояда курси,
Бу йўл мактабгадир, бу – қўшни боғи.
Қуёш олтинига тўлмишди хонанг,
Шунда нурли жаҳон, ҳаёт, ҳарорат.
Шу ерда қалбимнинг бурчак-бурчаги
Сарьян пейзажидай ранг олди қат-қат.
Шу ерда бир мағрур нафосат билан
Гўзаллик касб этар қизлару гуллар.
Уйқучи бир хўтик хаёл сурганча
Олакўз ўнгурида жим, хомуш турар.
Болаликдан ёдгор энг азиз нарса
Қалб сири сингари бу устахона.
Қуёшнинг зангори нур оғушида
Юракдан завқланиб турибман, мана.