Уч нафар эгизакка моддий ёрдам кўрсатиш масаласи қачон кўтарилади?

Гап шундаки, шу йилнинг ўзида таҳририятга Паст Дарғом ҳамда Самарқанд туманларидан бир хил мазмундаги иккита мактуб келди. Иккала хатда муаммолари  оиласида уч эгизак туғилгани, уларга давлат томонидан ёрдам берилмаса, болаларни катта қилиш қийин кечаётганини баён этган. Гап автомашина олиш ёки қандайдир қўшимча имтиёзлар ҳақида кетмаяпти. Масалани янаям аниқроқ баён этадиган бўлсак, чақалоқларни соғлом катта қилиш учун уч чақалоққа битта онанинг сути етмаслиги аниқ. Демак, улар саноат усулидаги сут ва бўтқаларга муҳтож. Бу маҳсулотларнинг нархи жуда қимматлиги ҳаммага яхши маълум. Энди тасаввур қилинг, гўдакларнинг фақатгина озиқаси учун ҳар ойда неча юз минг сўм маблағ сарфланади. Эҳтимол, бир оила фарзанд кутаётганда битта гўдакни, борингки икки гўдакни катта қилишга қурби етишини билади. Аммо уч нафар гўдакнинг бирдан туғилиши ҳар қандай ота-она учун ҳам моддий, ҳам руҳий қийинчилик келтириб чиқариши мумкин. Самарқанд туманидан мурожаат қилган ота эса уч гўдакни рафиқаси билан эмас, онаси билан катта қилаётир.

Беш ойдан бери маҳалладан пул ололмайман

- Эгизак қизалоқларим туғилгандан йигирма кун ўтгач, турмуш ўртоғим вафот этди, - дейди Самарқанд тумани Меҳробод маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Азизов. – Бир ёқда рафиқамнинг вафоти, бир ёқда уч нафар гўдакка қараш. Ҳозир онам уларга қараяпти, аммо мана беш ойдирки маҳалла бола парвариши учун нафақа пулини чиқариб бергани йўқ. Яқин кунларда ҳал бўлади, аммо бир нафар болага чиқариб берамиз, дейишяпти. Ахир ижтимоий тармоқларда кўраяпмиз, учталик эгизакларга автомобиль берилаяпти, ҳатто. Лекин онасиз қолган эгизакларга наҳотки бола пулини чиқариб бериш ҳам шунчалик қийин бўлса?!

Тўғри, отанинг мурожаатларидан сўнг оилага туман ҳокимлиги томонидан учта беланчак, совға-салом келтириб берилди. Қолаверса, болалар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлимидан боқувчисини йўқотганлиги учун нафақа олишади. Гўдакларга қараш учун туман тиббиёт бирлашмаси ҳам имтиёз яратиб берган. Аммо маҳалла томонидан нафақа ҳамон чиқариб берилмаган.

Нафақа болага эмас, онага берилади

Пастдарғомлик оила эса уч нафар эгизакнинг фақат бир нафарига нафақа пули берилаётганидан норози. Ушбу норозилик бўйича «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимига савол жўнатдик. Фонддан келган жавоб хатида қуйидагилар баён этилган:

«Уч нафар эгизакларга давлат томонидан қандай имтиёзлар борлигини сўраб қилган мурожаати юзасидан маҳалла йўналиши бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Фуқаролар йиғинларида кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 17-бандида  болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза уч босқичда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган, шуни инобатга олиб, ойнинг 15 санасига қадар маҳалла фуқаролар йиғинига ёзма ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Низомнинг 8-бандида белгиланишича, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади. Бундан ташқари, Низомнинг 6-бандида фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган».

Уч эгизакларга қўшимча ёрдам керак

Статистик маълумотларга мурожаат қилмасак ҳам кейинги йилларда уч эгизаклар туғилиши кўпаяётгани маълум. Табиийки, бу каби кўпайиш моддий жиҳатдан аҳволи ўртача бўлган оилаларни ҳам қийнаб қўяди. Уларга қўшимча моддий ёрдам кўрсатиш ҳақида тегишли низомлар ишлаб чиқиш лозим. Қолаверса, ростдан ҳам юқоридаги мурожаатчи айтгандай, интернетдаги ахборот сайтларида тинимсиз айтилаётган, баъзи учта эгизак туғилган хонадонларга автомашина берилаётганини бошқа, шундай оилалар эшитмайди, дейсизми? Назаримда, «Оила» маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бу масалани ўрганган ҳолда жиддий бир таклифни илгари суриши лозим.

Гулруҳ Мўминова.