Украинада автобусни гаровга олган шахс билан Зеленскийнинг ўзи музокара олиб борди
Украинанинг Луцк шаҳрида 21 июль куни автобус билан бирга 13 кишини гаровга олган шахс кун бўйи давом этган музокаралардан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига таслим бўлди. Унга нисбатан Украина ЖК бўйича бир қанча оғир - “теракт” ва “гаровга олиш” моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский жиноятчининг талабини бажарганидан сўнг воқеа ижобий томонга ўзгарди. Тажовузкор билан Украина Президентининг шахсан ўзи музокарага киришди. У Зеленскийдан барчани жониворлар устидан зўравонлик қилиниши муаммоси ҳақида сўзловчи “Земляне” (“Ерликлар”) фильмини томоша қилишга чақиришини талаб қилди.
Орадан бир муддат ўтиб Зеленский ўзининг Facebook саҳифасида тўрт сониялик видеолавҳа чиқарди. Унда президент “Барча 2005 йилда ишланган “Земляне” фильмини томоша қилсин”, деган жумлани айтди.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 21:40 (23:40 Тошкент вақти)ларда автобусни гаровга олган шахс таслим бўлди. Гаровга олинганлар орасида жароҳатланганлар ва вафот этганлар йўқ.
Гаровдагилар озод қилинганидан сўнг Зеленский барчани ғалаба билан табриклади ва “дунёнинг ҳеч бир жойида терроризмга ўрин йўқ”, дея қўшимча қилди. Гаровдагилар озод этилганидан кейин Президент Facebook саҳифасида чоп этган видео лавҳани ўчириб ташлади.
Украина ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, автобусни гаровга олган шахс ақлан заиф бўлиши мумкин. “Унинг хаёли жойида эмас. У миясида ўзининг оламини барпо этган, у бутун дунёдан ўч олиш хаёлини яратган...”, деб таъкидлади Аваков.