Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Украинадан қайтган қанча талаба Самарқанддаги ОТМларга қабул қилинди?

Украинадан эвакуация қилинган талабалар ташқи ишлар вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиб, улардан 194 нафари (2022 йил 28 мартга қадар) Самарқанд вилоятида истиқомат қилади.

Украинадан ўқишини кўчираётган талабалар Самарқанд давлат чет тиллар институти қошида очилган ҳудудий ишчи гуруҳнинг қабул бўлимига ёзма равишда ариза топширишлари керак. Айни кунгача рўйхатга олинганлардан 156 нафарининг аризаси олинган.

Ҳозирчага олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича тушган аризалар нисбати қуйидагича:

Самарқанд давлат университетига - 53 нафар;
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига – 30 нафар;
Самарқанд давлат тиббиёт институтига – 29 нафар;
ТАТУ Самарқанд филиалига – 7 нафар;
Самарқанд давлат чет тиллар институтига – 4 нафар;
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига – 2 нафар;
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига – 2 нафар;
Финландия-Ўзбекистон педагогика институтига – 1 нафар.

Самарқанд давлат чет тиллар институти қошида ташкил этилган ишчи гуруҳнинг қабул бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Ҳакимовга кўра, Украинадан қайтган талабалардан айримларининг йўналиши (мутахассислиги) вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида мавжуд эмас. Уларга ўзига қулай ҳудуддаги ОТМни танлаш ҳуқуқи бериляпти. Бундай ҳолатда талабалар ўз йўналиши бўйича танлаган олий таълим муассасасига юборилмоқда. Бу бўйича рақамларнинг номутаносиблиги шундан.

Бундан ташқари, Украинага бормасдан онлайн тарзда ўқиётган талабаларнинг ҳам мурожаати инобатга олиниб, уларнинг ўқиши Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчириб берилмоқда. Бу жараёнлар ҳозирда давом этмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.